Республика Киночилар уйида "Ўзбекфильм” киностудиясида суратга олинган "Қудуқ” бадиий фильмининг премьераолди намойиши ва фильм ижодкорлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
altУшбу фильм собиқ тузум давридаги қишлоқ аҳлининг ўта оғир ва мураккаб ҳаёти ҳақида ҳикоя қилади. Картина бош қаҳрамони Элмурод тимсолида ҳамқишлоқларига қудуқ қазиб, энг оғир юмушларни бажариб умрини ўтказаётган одамнинг ҳаётий қарашлари турли зиддиятли воқеалар ёрдамида томошабинга етказиб берилади, дея хабар беради ЎзА.
Соддадил, ишонувчан, оқкўнгил бу инсон барчани ўзига қадрдон деб билади. Озор етказган одамларни осонгина кечириб юборади. Шу боис ўзига Лаллай деган номни орттириб олган.
Элнинг қудуғини қазиб юрган бу инсоннинг юрагида дарди бор – тўнғич ўғли оғир хасталикка чалиниб, юролмай қолган. Лаллай Тошкентдаги шифохонада даволанаётган ўғлининг ҳолидан хабар олишни истайди. Бироқ қурғоқчиликдан азият чекаётган одамларнинг ҳам юзидан ўтолмайди. У қудуқ қазиш жараёнида ҳар хил воқеаларга гувоҳ бўлади, турфа табиатли одамлар билан мулоқот қилади. Ҳаётда кўрган-кечирганларини умумлаштириб, ўзича хулоса чиқаради: "Умр бўйи тупроқ кавлаш билан андармон бўлиб, одамлар кўксидаги эзгулик қудуғи қуриб бораётганини сезмай қолибман. Улардан яхшилик умидвор бўлиб беҳуда уринаётганга ўхшайман...”. Лаллай бир умр ўзи ахтарган ширин сувли қудуқни хонадони яқинидан топади. Ҳаётда кўрган-кечирганлари, бошидан кечган синовлар уни ана шу ширин сувли қудуққа етаклаб келади.