ЎзМТРКнинг «Наво» мусиқий телеканали қачон тест режимидан чиқиши ҳақидаги мурожаатга мутасадди раҳбарлар жавоб бера олишмади. Бу ҳақда мутасадди раҳбарларга мурожаат қилган Pressnews.uz сайти хабар бермоқда.
2013 йилнинг 14 ноябрдан эфирга чиқишни бошлаган «Наво» телеканали, ЎзМТРКнинг расмий ахборотига кўра, «Тошкент» телеканали қошида ташкил этилган бўлиб, «телетомошабинларни классик, халқ, замонавий ва эстрада мусиқаси, жумладан, чет эл мусиқаси билан таништириши» керак эди.
Ушбу каналлар тест режимида ишга тушгани маълум қилинган, бироқ бу жараён қанча давом этиши маълум қилинмаган эди. Каналнинг дастлабки бир ойлик фаолияти давомида клиплар бепул намойиш этилгани, кейин эса эфир нархлари пайдо бўлгани ҳақида хабар берилагн эди.
Pressnews.uz сайти мухбири бевосита «Наво» телеканали билан боғланганида, телеканал ходимлари фақат тижорий эфир юзасидан маълумотга эга эканликлари, бошқа саволларга жавоб бера олмасликларини маълум қилишган. Шундан сўнг, «Тошкент» телеканали бош директори ўринбосари Ғайбулла Қўчқоров билан боғланган; директор ўринбосари «Наво» телеканали ҳозирги вақтда «Ёшлар» телеканали тасарруфига ўтганини маълум қилган («Наво» «Тошкент»дан «Ёшлар»га қачон ўтгани ва ўтиш сабаблари келтирилмаган).
«Қўнғироқ навбати «Ёшлар» телеканали бош директори ўринбосари Файзулла Юнусовга етиб келди. У киши саволимизга жабоб берар экан, каналнинг қачон синов режимидан чиқишини билмаслиги, бунинг учун Вазирлар Маҳкамасининг махсус кўрсатмаси бўлиши кераклигини ва қолган масалаларда телевидениега фақат хат орқали мурожаат қилишимизни уқтирди», – дейилади сайт хабарида.
Pressnews.uz сайти ЎзМТРКнинг мусиқий телеканалидаги ижодий жараён учун масъул бўлган мутасаддилар билан, улар аслида йўқ бўлгани учун, боғлана олмаган. «Наво» телеканали тушлик вақтида ишламаслиги, ундаги кўрсатув ва концерт дастурларининг жуда кўп такрорланиши юзасидан берилган саволлар ҳам очиқ қолган.
Қайд этилишича, ҳозирча эфири видеоклиплар ва концерт дастурлари билан тўлдирилган «Наво»да, санъаткорларнинг мусиқий видеолари намойиш этилаётган вақтда, уларнинг исми ҳам, қўшиқ номи ҳам кўрсатилмаяпти.