Кўпчилик зинонинг ёмонлигини яхши билади, аммо ғийбатнинг қанчалик ёмон ва оғир гуноҳ эканлигига парво қилмайди. Ҳолбуки ғийбатнинг гуноҳини ҳам зинодан паст санаб бўлмайди. Ҳофиз Абу Яъло Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилади: Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига бир йигит келиб: - Эй Аллоҳнинг Расули! Мен зино қилиб қўйдим, – деди. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам юз ўгириб олдилар. У яна тўрт марта ўша сўзини такрорлади. Бешинчи марта айтганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам: - Зино қилдингми? – деб сўрадилар. - Ҳа, – деди у. - Зинонинг нима эканини билурмисан? – сўрадилар саллаллоҳу алайҳи ва саллам. - Ҳа. Эркак киши ўз аёлига ҳалоллик билан қиладиган ишини мен у аёл билан ҳаромдан қилдим, – деди у. - Бу сўзларинг билан нимани ирода қилмоқдасан? – сўрадилар. - Мени поклашингизни хоҳламоқдаман. - Сендаги ўша нарса ундаги ўша нарсага сурмадонга чўпаги киргани каби ёки қудуққа арқон тушгани каби кирдими? - Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули! – деди йигит. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам уни тошбўрон қилишга буюрди. Сўнг тошбўрон қилдилар. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам икки кишининг ўзаро шу ҳақда гаплашганини эшитиб қолдилар. Уларнинг бир иккинчисига: - Буни қарагина, Аллоҳ таоло унинг гуноҳини беркитиб қўйибди-ю, у бўлса ўзини ит каби тошбўрон қилдирдия?! Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи ва саллам индамай кетавердилар. Йўлда бир эшакнинг ўлиги турган жойга етганларида: - Фалончилар қани? – деб уларни сўрадилар. Сўнг уларга қараб: - Қани, тушинглар! Манави эшакнинг мурдасини енглар! – дедилар. - Аллоҳ Сизни мағфират қилсин, эй Аллоҳнинг Расули! Буни еб бўладими? – сўрашди. - Ҳозиргина биродарларингизни ҳақорат қилганингиз ундан ҳам оғирроқ эди! Жоним тасарруфида бўлган Зотга қасамки, у ҳозир жаннатдаги анҳорларда чўмилмоқда! – дедилар Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи ва саллам. Демак бировларнинг ғийбатини қилгунча ўзлигимизни тузатганимиз афзал экан