Хивада музейларнинг ривожланиш истиқболларига бағишланган республика илмий-амалий семинари бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекмузей” жамғармаси, Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонаси ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу семинарда тегишли вазирликлар, Ўзбекистон Фанлар академияси, Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти олимлари, мамлакатимиздаги музейлар директорлари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этишган.
“Музейларимизда аждодларимиз тафаккури билан яратилган қадимий тошбитик ва ёзувлар, нодир қўлёзмалар, тарих, адабиёт, санъат ва бошқа соҳаларга оид қимматбаҳо асарлар, ноёб ашёлар сақланмоқда, – дейди Хоразм вилояти маданият ва спорт ишлари бошқармаси бошлиғи Ш.Мадаминов.– Узоқ ўтмишдан дарак берувчи бу осори атиқаларни асраб-авайлаш, келгуси авлодларга етказиш музейлар фаолиятининг асосини ташкил этади. Мазкур семинар ҳам ушбу бебаҳо ва бетакрор экспонатлар ҳақида кенг маълумот бериш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг миллий меросимизни ўрганишга қизиқишини кучайтиришга қаратилган.
Тадбирда жаҳон музейшунослигида қўлланилаётган янги инновацион лойиҳалардан миллий музейшунослигимизда фойдаланиш, музейлар фаолиятини такомиллаштириш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ҳамда уларда сервис хизматини ривожлантириш мавзуларида маърузалар тингланган.
Иштирокчилар Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонасининг музей ва бошқа мажмуалари, Хива шаҳрининг диққатга сазовор жойлари билан танишишган.
|