 Янги маҳсулот 20 декабрдан
сотувга чиқади ва ўхшаш
аппаратлардан 30 % арзон
бўлади.
2012 йил 17 декабрь куни
пойтахтимиздаги "Dedeman Silk Road"
меҳмонхонасида "Artel" савдо белгиси
остида фаолият олиб бораётган компания
уяли телефонларнинг дастлабки бешта
модели тақдим этди ва шу тариқа мобил
алоқа воситасини ишлаб чиқарувчи
Ўзбекистоннинг биринчи корхонасига
айланди.
Қисқа муддат ичида турли хилдаги
маиший техникаларни ишлаб чиқаришни
бошлаган Artel компанияси ишлаб
чиқараётган дастлабки мобил телефонлар
серияси Aid5, Komi3 (иккита сим-картали) ,
U30 (иккита сим-картали) , H20 ва D83
моделларидан иборат.
Телефон аппаратларининг ҳаммаси Android
4.0 ва 2.3.6 операцион тизимида
ишлайди. Artel уяли алоқа телефонлари
жаҳон андозаларига мувофиқ 4 дюймгача
бўлган ўлчамдаги дисплей, MSM 8225,
1200 MGz ва MTK 6515MВ, 1000 MGz
процессорлари, 4 Gb гача бўлган хотира
карталари билан жиҳозланган. Шунингдек
телефонларга диодли ёруғлик чақнаши,
автофокус, макро тасвирга олиш режими,
8 каррали zoom ва чеҳраларни таниб олиш
функцияларига эга 5MP гача бўлган
фотокамералар ҳам ўрнатилган. Плеер
MPEG4, H.264, H.263, VP6, VP8, Windows
Media, Flash 10, 3GP, MP4, AVI каби
оммабоп видео ва MP3, MIDI, AMR, WAV,
AWB, WMA, AAC каби аудио форматларни
кўради.
Интернетга WAP, GPRS, EDGE, e-mail POP/
SMTP, HTML, email IMAP4 технологиялари
орқали уланиш мумкин. Телефонларда
Овозлар тўплами ва овоз билан
бошқариш, USB, Wi-Fi ва Bluetooth мавжуд.
Artel аппаратлари шарқона муҳитни
ҳисобга олган ҳолда яратилган. Хусусан,
тиллар, рингтонлар, обойлар ва
мавзуларнинг стандарт тўпламидан
ташқари, Artel телефонларига ўзбек ва рус
тиллари, шарқ тароналаридан иборат
рингтонлар, обойлар, мавзулар ва
Ўзбекистонни эсга солувчи
скринсейверлар ўрнатилган.
Artel уяли алоқа телефонлари ўзининг
импорт аналогларидан 30% га арзон
бўлади. Шунингдек, компания бир йил
давомида бутун республика бўйлаб бепул
сервис хизматларини тақдим этади.
2012 йил охиригача компания 40 мингта
телефон ишлаб чиқаради, 2013 йилда
ишлаб чиқариш ҳажмини 500 минг
аппаратга етказиш режалаштирилган.
Кейинчалик эса уларнинг ҳажми йилига 2
млн.донани ташкил этади.
Artel савдо белгиси бу билан чекланиб
қолмоқчи эмас, тез орада планшетлар,
коммуникаторлар ва USB-модемларни
ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилади. Artel
уяли алоқа телефонларининг савдоси шу
йилнинг 20 декабридан бошланади.

|