«Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази Ўзбекистон фуқаролари ўтган 2013 йилни қандай баҳолаши, уларнинг ижтимоий кайфиятини аниқлаш мақсадида навбатдаги сўров ўтказди. Бу ҳақда ЎзА 30 декабрь, душанба куни хабар тарқатди.
«Сўров Ўзбекистон фуқаролари Президент Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган ички ва ташқи сиёсат, ҳаётга татбиқ этилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотларни тўла қўллаб-қувватлашини кўрсатди. Ўзбекистонликлар иқтисодиёт, банк тизимини ривожлантириш соҳасида Ўзбекистон эришган ютуқлар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг самарадорлигини ошириш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш, таълим, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий муҳофаза қилишни янада такомиллаштириш борасида яратилган шарт-шароитларни юқори баҳолайди», – дейилади ЎзА хабарида.
Сўровноманинг аксарият қатнашчилари фуқароларнинг қонунга ҳурмати, мазмунли турмуш кечириш ва кундалик ҳаётда учрайдиган муаммоларни ҳуқуқий нормалар асосида ҳал этишга интилиши ошиб бораётганини қайд этган. Жумладан, 83,6 фоиз ўзбекистонликлар инсон ҳуқуқлари, 82,1 фоиз хотин-қизлар, кексаларга нисбатан ҳурмат ортиб бораётгани, жамиятда қарор топган меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳити янада мустаҳкамланаётганини таъкидлаган.
Тадқиқот ўзбекистонликлар ижтимоий кайфиятида эртанги кунга, Ўзбекистон фаровонлиги ва равнақига қатъий ишонч устунлигини кўрсатган. 85 фоиздан ортиқ респондентлар 2013 йилни муваффақиятли ўтди, деб ҳисоблашини, 88,2 фоизи эса ўз ҳаётидан тўла мамнунлигини билдирган.
«Сўров қатнашчиларининг фикрича, Ўзбекистонда меҳнат қилиш, касбий ва ижодий фаолиятни амалга ошириш учун қулай ҳуқуқий, иқтисодий ва ижтимоий шароитлар мавжудлиги қўйилган мақсадларга эришишда муҳим аҳамият касб этган», – деб ёзади ЎзА.
2013 йилда кўпчилик фуқароларнинг моддий аҳволи, маиший ва уй-жой шароити сезиларли даражада яхшиланган. 86 фоиздан зиёд иштирокчи оиласи ва ўзининг ижтимоий мавқеи ошганини қайд этган. Сўров иштирокчиларининг 90 фоизга яқини ўз оиласи моддий аҳволини яхши, деб баҳолайди.
«Тадқиқот қатнашчилари Ўзбекистон қўлга киритаётган кенг кўламли ютуқлар ҳақида гапирар экан, 2013 йилда Ўзбекистоннинг халқаро нуфузи янада ортиб, халқаро муносабатлар соҳасида салмоқли муваффақиятларга эришганини алоҳида таъкидлади», – дейилади ЎзА хабарида.
Ўзбекистонликлар 2014 йилнинг Ислом Каримов томонидан томонидан «Соғлом бола йили» деб эълон қилинганини тўла қўллаб-қувватлашини билдиришди. Аксарият иштирокчилар янги – 2014 йил Ўзбекистон учун навбатдаги туб ўзгаришлар йили бўлиши ва барча соҳаларда катта ютуқларга эришилишига қатъий ишонч билдириб, айни пайтда амалга оширилаётган ислоҳотларда фаол иштирок этишга тайёр эканини қайд этган.