ёхуд "инсон танасида жонли барометр борми?..” Кундалик қабул қиладиган ахборотларимиз орасида об-ҳаво маълумоти алоҳида ўринга эга. Унга ҳамма бирдек қизиқади. Ҳаётимизда жуда кўп нарсанинг об-ҳавога боғлиқлигини ҳисобга олиб айтадиган бўлсак, бу қимматли маълумотларни бизга етказиб берувчи соҳа мутахассисларининг ҳам зиммасида қанчалик масъулият борлигини англаш қийин эмас. БИРИНЧИ ОБ-ҲАВО МАЪЛУМОТИ Бундан 150 йил олдин, яъни 1861 йилнинг 1 август куни Англиянинг "Times” газетасида инсоният тарихидаги илк об-ҳаво маълумоти эълон қилинган. Инглиз офицери Роберт Фицрой об-ҳаво маълумотига асос солган инсон сифатида тарихга кирди. Телевидение орқали об-ҳаво маълумотини эълон қилиш 1936 йилдан бошланди. Республикамизда илк метеорологик кузатишлар 1867 йилнинг декабр ойидан бошлаб олиб борилмоқда. ЭНГ ИССИҚ ВА ЭНГ СОВУҚ Айтингчи, бизнинг республикамиз ҳудудида қачон энг иссиқ ва энг совуқ мавсум кузатилган? Тошкент шаҳрида-чи? Л.Акбарова, Тошкент шаҳри Июл ойи юртимиз ҳудуди учун йилнинг энг иссиқ ойидир. Ҳаво ҳароратининг энг юқори қиймати, яъни, 49.60С 1914 йилнинг июл ойида Термезда қайд этилган. Йилнинг энг совуқ ойи — январ. Энг паст ҳаво ҳарорати 1950 йилнинг январида Устюртда кузатилган бўлиб, термометр кўрсатгичлари Цельсий бўйича 38,40 га тушиб кетган. Тошкент шаҳри учун ёз мавсумида рекорд даражадаги энг юқори ҳаво ҳарорати 1997 йил июл ойида кузатилган. 44,60С га тенг бўлган бу қиймат ҳозиргача фақат пойтахтимиз учун абсолют максимум бўлиб қолмоқда. Энг паст ҳарорат эса 1930 йил декабр ойида Цельсий бўйича -29,50 га тенг эканлиги қайд этилган. 1969 йилда ҳам қаҳратон қиш кузатилган бўлиб, шу йили январ-феврал ойларининг айрим кунларида ҳаво ҳарорати -230 С гача пасайган. Сўнгги ўн йилликда эса 2007-2008 йиллардаги қиш мавсуми анчагина совуқ келди ва ҳаво ҳарорати пойтахтимизда -170 С гача пасайган. БИЛАСИЗМИ? Андерс Цельсий – швед астрономи ва физиги. 1742 йилда 100 градусли температура шкаласини таклиф қилган. Цельсий шкаласида сувнинг музлаш температураси (00С) билан қайнаш температураси (1000С) оралиғига тенг 100 қисмга бўлинади. Ҳаво ҳароратининг бирлиги одатда Цельсий шкаласи бўйича ўлчанади. БУТУНЖАҲОН ИҚЛИМ ИСИШИНИНГ БИЗГА ТАЪСИРИ БОРМИ? Кейинги йилларда дунёда иқлим ўзгаришлари тез-тез кузатилмоқда. Буни оммавий ахборот воситалари, интернет нашрлари орқали кузатиб боряпмиз. Бутун жаҳон иқлимининг исиб бориши бизга қанчалик таьсир этади? О.Маматов, Қарши шаҳри Метеорологик кузатувларга кўра, Ўзбекистонда ҳаво ҳароратининг ўртача йиллик қиймати сўнгги 100 йил ичида 1,5°С га кўтарилган ва бу тенденция яқин йилларда ҳам сақланиб туради. Мутахассисларнинг фикрича, глобал иқлим ўзгариши нафақат ҳаво ҳароратининг кўтарилиши, шу билан бирга, қурғоқчилик, фаслларнинг меъёрдан ошиқ иссиқ ёки совуқ келиши, кучли ёғингарчиликлар, сел тошқинлари кўпайишига олиб келади. ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЭНГ БАҲАВО ЖОЙ ҚАЕРДА? Мамлакатимизнинг қайси ҳудуди энг баҳаво ва мусаффо жой ҳисобланади? Юртимиздаги нисбатан экологияси тоза ҳудудлар қайсилар ва аксинча атмосфераси нисбатан ифлосланган ҳудудларчи? Т.Орипов, Самарқанд шаҳри Халқимизнинг, тоғли жойларда об-ҳаво тоза бўлади, деган фикрида жон бор. Юртимизнинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида жойлашган шаҳар ва туманларнинг аксарият қисми экологик тоза жойлар саналади. 2005-2007 йилларда Тошкент вилоятининг Ангрен, шунингдек, Навоий ва Нукус шаҳарларида атмосферани ифлослантирувчи 5 кўрсатгич меъёрдан бироз ортган. Бунга асосий сабаб, ишлаб чиқариш ва транспорт. Кейинги 5 йил ичида ушбу ҳудудлардаги ҳолат яхшиланган. Маълумки, чўл-дашт зоналарига яқин жойлашган шаҳарлар атмосферасида чанг миқдори меъёрдан ошиқ бўлади. Бироқ бу борада кўкаламзорлаштириш ишлари, ишлаб чиқариш корхоналарининг шаҳарлардан ташқарига қурилиши ёки кўчирилиши йилдан-йилга яхши натижаларга эришаётганимизни кўрсатмоқда. АТМОСФЕРА ЁҒИНЛАРИ НИМАГА БОҒЛИҚ? Республикамиздаги ёғинганчилик нисбатан кўп кузатиладиган вилоят ёки шаҳар қайси ва нима учун шундай? Ш.Аслиддинов, Гулистон шаҳри Республикамиз ҳудудида атмосфера ёғинлари миқдори нотекис тақсимланган бўлиб, бу ер сиртининг рельефи билан боғлиқ. Юртимизнинг шимоли-ғарбида жойлашган текислик ва чўл ҳудудларида ёғингарчилик кам кузатилади. Жанубий ва шарқий қисмига яқинлашган сари ёғингарчиликнинг йиллик миқдори аста-секинлик билан ортиб боради. Тоғ олди ҳамда баландлиги 2000 м. ва ундан юқори бўлган тоғли ҳудудларда эса ёғинлар миқдори кескин ортади. Масалан, Оролбўйида 42 мм.га тенг йиллик ёғин миқдори кузатилса, Тошкент вилоятининг тоғли жойларида 950 мм.гача ва ундан кўп ёғингарчилик бўлишини сўнгги 30 йиллик маълумотлар тасдиқламоқда. МАГНИТ БЎРОНЛАРИДАН САҚЛАНИНГ Ҳаводаги магнит тўлқинли, оғир атмосфералар қандай кишиларга салбий таъсир кўрсатади? Бундай об-ҳавода уларга қандай чоралар кўришни тавсия этасиз? Ш.Тўхтаева, Термиз шаҳри Муҳаббат Йўлдошева, шифокор: Айримлар худди жонли барометрдек об-ҳаво ўзгаришини бир-икки кун аввал сезишади, ҳаво ҳароратининг кескин ўзгариши олдидан ўзларини ёмон ҳис этишади. Бу сезгилар одатда кучли бош оғриғи, бўғинлар зирқираши, қон босимининг кескин чиқиб-тушиши, мадорсизлик, баъзан эса руҳий тушкунлик билан кечади. Айнан шу нарса об-ҳавога боғлиқлик деб аталади. Об-ҳавога боғлиқ одамларга магнит бўронлари ҳам салбий таъсир қилади. Юрак-қон томирлари хасталиклари ва қон босими ошишидан азият чекувчи инсонлар магнит бўронларидан кўпроқ қийналишади. Бу бўронлар аслида соғлом одамларнинг ҳам аҳволини ёмонлаштириши мумкин: мия ҳужайраларининг иши бузилади, асаб учларининг реакцияси сусаяди, бу эса диққат-эътибор бузилиши, хотира пасайиши ва асаб таранглашишига олиб келади. Шу боис автоҳалокатлар, бахтсиз ҳодисалар ва ўз жонига қасд қилишларнинг кўпроқ улуши қуёш фаоллиги ошган кунларга тўғри келади. Маслаҳат ● Ноқулай об-ҳаволи кунларда гўштли, ўта ёғли ва қовурилган таомларни тановул қилманг. Ўткир зираворлар ва алкоголни таомномангиздан чиқаринг. Балиқ, денгиз карами, ловия, қизил лавлаги, пўсти билан қайнатилган картошка, олмани кўпроқ истеъмол қилинг. ● Об-ҳаво инжиқликларига қарши туришда чиниқтирувчи муолажалар ва фитнес машғулотлари ёрдам беради. Ушбу мақола Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гидрометеорология хизмати маркази билан ҳамкорликда тайёрланди. Сарвар Сафаров.
|