Ноябрь ойи охиридан Ўзбекистон кабель ва рақамли телевидениеси абонентлари болалар учун мўлжалланган хорижий телеканаллар вақти тунги соатларда чекланганини сезишди. Бу ҳақда «Газета.uz» интернет-нашри хабар бермоқда.
«Карусель», «Дисней» ва «Детский мир» телеканаллари энди ҳар куни эрталаб соат 7:00дан тунги 22:00гача трансляция қилинмоқда, қолган вақтда эса эфирда безак-лавҳа турибди.
UZDIGITAL TV ва Stars TV рақамли телевидение компаниялари, шунингдек, «Ўзбекистон кабель телевидениеси» МЧЖ вакилларининг «Газета.uz»га маълум қилишича, телеканаллар трансляцияси Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссияси баёнига асосан чекланган.
Болалар учун мўлжалланган хорижий телеканаллар эфир вақтининг чекланиши сабабларини номлари қайд этилган компания вакиллари маълум қила олишмади. «Газета.uz»нинг ўзи эса комиссия баёни матни билан таниша олмаганини маълум қилган.