|

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов 11 июль куни «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармонни имзолади. Фармон матни Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА) сайтида чоп этилган.
Фармон Ўзбекистон аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини янада муттасил ошириб бориш, фуқароларга ижтимоий мададни кучайтириш мақсадида имзоланган.
Фармонга асосан, 15 августдан бошлаб бюджет муассасалари ва ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ҳамда нафақалар миқдори ўрта ҳисобда 1,15 бараварга оширилади.
15 августдан эътиборан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи – ойига 91,53 минг сўм (ҳозир – 79,59 минг сўм), ёшга доир пенсиялар ҳамда болаликдан ногиронларга бериладиган нафақа – ойига 179,02 минг сўм (ҳозир – 155,67 минг сўм), зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 109,85 минг сўм (ҳозир – 95,52 минг сўм) миқдорида белгиланади.
Иш ҳақи ҳамда пенсияларга қўшиладиган устама ва қўшимча ҳақларнинг барча турлари, энг кам иш ҳақига нисбатан белгиланган компенсация ва бошқа тўловлар 15 августдан бошлаб энг кам иш ҳақининг янги миқдоридан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади.
Хўжалик ҳисобидаги корхона ва ташкилотлар эса 15 августдан эътиборан энг кам иш ҳақининг белгиланган янги мидқорига мувофиқ, «ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва меҳнат сарфини камайтириш ҳисобига» иш ҳақи миқдорини оширишлари кераклиги Фармонда қайд этиб ўтилган.
«Газета.uz»нинг қўшимча қилишича, Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи миқдори охирги марта 2012 йил декабрь ойида ошган бўлиб, ўшанда у ўртача 10 фоизни ташкил этган эди.
|