Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган Chevrolet Lacetti автомобили енгил рестайлингга учраши мумкин, дея хабар бермоқда Bibi.Uz сайти. Айни вақтда, хабар муаллифининг алоҳида қайд этишича, хабардаги фикрларнинг GM Uzbekistan қўшма корхонасига алоқаси йўқ.
Bibi.Uz’нинг ёзишича, лойиҳа ҳозирги кунда синов жараёнида бўлиб, 2013 йилнинг сентябридан сотувга чиқарилади. Янги Lacetti’да кичик ўзгаришлар содир бўлиб, энг катта фарқ олд чироқлар, бампер, капоти ва қанотларида сезилади. Қуйма дисклар ва электр-узатмали орқа тарафни кўриш ойналарида ҳам ўзгаришлар юз беради.
Автомобилнинг орқа тарафдан кўринишида ўзгаришлар йўқ. Машинанинг конструкцияси янада мустаҳкамроқ ва хавфсизроқ бўлган, шунингдек, осмалар ва амортизаторларда ҳам ўзгаришлар бор. Автомобилга Euro-5 стандартига жавоб берувчи Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган 1.5 двигателлари ўрнатилади.
«Лойиҳа устида бир вақтнинг ўзида бир неча қўшма корхоналарнинг юзлаб муҳандислар ва технологлари иш олиб боришмоқда. Эски моделдан фарқли равишда янгиси МДҲ мамлакатларига экспорт қилинади», – деб ёзади Bibi.Uz. Нашрда моделнинг янги номи ҳақида маълумот берилмаган, фақатгина «янги модель» деб аталган, холос.
Маълумот ўрнида, Chevrolet Lacetti модели General Motors’нинг турли мамлакатлардаги заводларида 2002 йилдан бери уч хил – 4 эшикли седан, 5 эшикли хетчбэк ва 5 эшикли универсал кўринишида ишлаб чиқарилади (Ўзбекистонда фақат 4 эшикли седан ишлаб чиқарилади). Айни вақтда, автомобилга турли мамлакатларда турлича ном берилган.
Қайд этиш жоиз, Bibi.Uz’да Lacetti’нинг янги модели сифатида кўрсатилган автомобиль, катта эҳтимол билан, GM’нинг Ҳиндистон ва Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларидаги заводларида ишлаб чиқарилган Chevrolet Optra Magnum моделининг ўзидир. У Ҳиндистонда 2007 йилдан бери ишлаб чиқарилади. У, ҳақиқатан ҳам, Chevrolet Lacetti’нинг асосан олд кўриниши ўзгартирилган версиясидир.