Ўйинни вакилларимиз бошлаб беришди. Лекин майдон эгалари илк дақиқаларданоқ тўп назоратини ўз қўлларига олиш пайида бўлишди. Бунга қайсидир маънода эришишди ҳам. Футболчиларимиз рақибни жарима майдонига яқинлаштирмасликка ҳаракат қилишди. Аммо учрашувдан аввал ёғиб ўтган ёмғир ўйинчиларни аниқроқ тўп суришлари учун ҳалақит берди. Дастлабки беш дақиқадан кейин Қосимов шогирдлари ҳам майдонга мослашиб олишди ва форслар жарима майдончаси атрофида пайдо бўла бошлашди. Бироқ илк хавфли зарба Нестеров дарвозаси томон берилди. Дежаганинг ўнг қанотдан жарима майдони ичига етказиб берган тўпига марказий ҳимоячиларимиздан баланд сакраган Ризо Гоханежад бош билан дарвозани нишонга олди, лекин у мўлжалда бироз адашди. Мезбонларнинг иккинчи хавфли ҳужуми гол билан якунланди. Яна ўша Дежаганинг ўнг қанотдан ошириб берган тўпини бу сафар Муҳаммад Нури бир ҳаракат билан дарвозага йўллади. Игнатийни олдини эронлик ўйинчи тўсиб олгани боис, Нестеров зарба йўлига тўғаноқ бўла олмади. Айнан шу ҳолат бизнинг фойдамизга ишлади, аниқроғи, офсайд туфайли гол инобатга олинмади.
Шундан сўнг вакилларимиз ҳам ўзларига кела бошлади. Жепаров бир неча марта бурчак зарбасидан фойдаланди, лекин бу бурчак тўплари бизга деярли фойда келтирмади. Шунчаки, жарима майдони ичида тартибсизлик келиб чиқишига олиб келди. Яна бир ҳолатда Дежага йиқилиб ётган Серверга тўпни тепиб юборгани боис, майдонда асаббузарлик келиб чиқди. Терма жамоамиз сардорига ишлатилган ҳурматсизликни футболчиларимиз ҳазм қила олишмади. Натижада футболчилар ўртасида тортишув юзага келди. Бош ҳакам Али Ҳамад ал Бадвави айбдорларни сариқ карточка билан жазолади. Айнан шу ҳолат вакилларимизнинг ўзларига бўлган ишончни янада ортишига олиб келди, десак муболаға бўлмайди. Чунки Қосимов шогирдлари ҳам бир неча марта Раҳматининг хушёрлигини синаб кўришди. Аммо барибир майдон эгаларининг ҳар бир ҳужуми хавфли кўриниш олди. Форслар асосан қанотлардан ҳужум ташкил қилишди. Бу ҳужумларда ўнг қанотда тўп сурган Дежага фаоллик кўрсатди. Денисов анчагина тер тўкишга мажбур бўлди. Биринчи бўлимнинг учдан икки қисми якунланаётган бир вақтда футболчиларимиз мезбонлар дарвозасини кетма-кет уч бор нишонга олишди. Дастлабки икки зарбани ҳимоячилар қайтарган бўлса, икки ҳимоячини чиройли тарзда чалғитган Мусаевнинг зарбасига аниқлик етишмади.
Кейруш шогирдлари барча ҳужумларини кенг майдон бўйлаб бошлашга ҳаракат қилишди. Футболчиларимиз эса, рақибнинг ҳар бир аъзосини икки нафардан бўлиб кутиб олишга интилишди. Вакилларимиз бу орқали эронликларни тезкор ҳужум ташкил қилишига йўл қўймади. Танаффус арафасида форсларнинг босими анча пасайди ва ўйин назорати футболчиларимиз қўлига ўтди. Лекин ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда дарвозамиз олдида кескинлик содир бўлди. Қарши ҳужумга ўтган майдон эгалари биринчи бўлимдаги сўнгги хавфли ҳужумни юзага келтиришди. Ўнг қанотда ҳимоячиларимиздан қочиб кетган Гоханежаднинг зарбаси Нестеровнинг қўлидан чиқиб кетди. Натижада мезбонлар кетма-кет икки марта бурчакдан тўп тепиш имкониятига эга бўлишди. Бироқ жамоалар танаффусга 0:0 ҳисобидаги дуранг билан чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим ҳам худди биринчи каби бошланди. Мезбонлар ҳисобни очишга ҳаракат қилишди, вакилларимиз қарши ҳужумлардан унумли фойдаланиш пайида бўлишди. Футболчиларимиз биринчи бўлимга нисбатан анча эркин тўп сура бошлашди. Голга қадар иккала жамоада ҳам голга тортадиган жиддий вазиятлар содир бўлгани йўқ. 71-дақиқада чап қанотдан белгиланган жарима зарбасини Жепаров жарима майдони ичига етказиб берди. Барчадан ўтиб кетган тўп ҳимоячиларнинг эътиборидан четда қолиб кетган Бақоевга келиб тушди. Улуғбек тўпни ерга туширмасдан дарвозага тўғирлаб юборди – 0:1.
Голдан кейин ҳам вакилларимиз ҳимояга "ётиб” олишгани йўқ. Имкон бўлди дегунча, ҳужумга ўтиб, рақибларни шошириб туришди. Захирадан қўшилган Зотеев ва Гейнрих кўп ҳолларда форсларни қийин вазиятларга солиб қўйишди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда мезбонлар яна бир бор Нестеров дарвозасини ишғол қилганди, лекин улар яна офсайдда қолиб кетишганди. Бунга жавобан Гейнрих ҳам Раҳмати дарвозасини нишонга олди, аммо унга аниқлик етишмади. Шу тариқа терма жамоамиз "Озоди”дан "омон” чиқиб, гуруҳ пешқадамига айланди.
ЖЧ-2014 саралаши. 4-босқич. 6-тур.
ЭРОН — ЎЗБЕКИСТОН — 0:1 (0:0)
14 ноябрь. Теҳрон. «Озоди» стадиони.
Бош ҳакам: Али Ҳамад ал Бадвавий (БАА).
Қанот ҳакамлари: Муҳаммад ал Жалаф (БАА), Ёсир Марад (Кувайт).
Учрашув комиссари: Чанг Чин По (Хитой Тайпейи).
Эрон: Маҳди Раҳмати, Пежман Монтазари, Жалол Ҳуссайни, Ҳусро Ҳайдари, Меҳдад Пўлади, Муҳаммадризо Ҳалатбори (Карим Ансори, 46), Жавод Некунам, Ашкан Дежага, Муҳаммад Нури (Пажман Нури, 67), Андераник Теймурян (Али Ризо Аббос, 80), Ризо Гоханежад.
Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Акмал Шораҳмедов, Артём Филипосян, Ислом Тўхтахўжаев, Виталий Денисов, Санжар Турсунов (Ислом Иномов, 90), Фозил Мусаев, Азиз Ҳайдаров, Шоҳруҳ Гадоев (Олег Зотеев, 65), Сервер Жепаров, Улуғбек Бақоев (Александр Гейнрих, 83).
Гол: Улуғбек Бақоев, 71 – 0:1.
Огоҳлантиришлар: Ашкан Дежага, 24. Азиз Ҳайдаров, 24. Муҳаммад Нури, 50. Сервер Жепаров, 52. Акмал Шораҳмедов, 57.