Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси «Спорт» телерадиоканали учун футбол бўйича Англия Премьер-лигаси ўйинлари трансляциясини сотиб олади. Бу ҳақда ЎзМТРК раҳбари Алишер Ходжаев 10 июль куни компания ходимлари билан ўтказилган мажлисда маълум қилган.
ЎзМТРК айни вақтда футбол бўйича Англия Премьер-лигаси, шунингдек, Италия «А» Серияси ҳамда Испания Примьероси ўйинлари трансляциясини сотиб олиш бўйича музокаралар олиб бормоқда. ЎзМТРКдаги манбаларнинг берган маълумотларига кўра, айни вақтда ушбу мусобақаларни Ўзбекистон ҳудудида трансляция қилиш ҳуқуқига эгалик қилувчи ширкатлар ЎзМТРКдан 1 миллион евро атрофида маблағ сўраган.
Kun интернет-нашри маълумотларига кўра, ҳозирги кунгача Англия Премьер-лигаси ўйинларини Ўзбекистонга трансляция қилиш ҳуқуқи AMI (Advisers Media International), Испания ва Италия чемпионатларини Ўзбекистон ҳудудида эфирга узатиш ҳуқуқи эса EBEL (Eurasian Broadcasting Enterprise LTD) компанияларига сотиб бўлинган ва ЎзМТРК олдинига айнан мазкур компаниялар билан музокара олиб борганди. Бироқ улар қўйган нарх ЎзМТРКни қониқтирмагани учун, ҳозирда бевосита чемпионатларнинг ўзи билан музокаралар олиб борилмоқда.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг «Спорт» телерадиоканали кўп йиллардан бери трансляция ҳуқуқини сотиб олмай, Англия Премьер-лигаси ва Европанинг бошқа миллий чемпионатлари ўйинларини намойиш этиб келган. Бироқ 2013 йил май ойида, маълумотларга кўра, AMI ва EBEL компанияларининг тегишли мурожаатларидан сўнг, «Спорт» телерадиоканали Англия, Италия ва Испания чемпионатлари ўйинлари трансляциясини тўхтатган ва ушбу мусобақаларнинг сўнгги тур ўйинлари телеканал томошабинларига намойиш этилмаган.
Қайд этиш жоиз, ЎзМТРК сўнгги халқаро йирик спорт мусобақалари, жумладан, футбол бўйича 2008 ва 2012 йилги Европа чемпионатлари, 2010 йилги жаҳон чемпионати, шунингдек, Олимпиада ўйинлари баҳслари ҳуқуқларини мунтазам сотиб олади. Компаниядаги манбаларнинг берган маълумотларига кўра, ЎзМТРК бундай қисқа муддатли мусобақаларнинг трансляция ҳуқуқини сотиб олиш ва ундан фойда кўриш бўйича тизимни ишлаб чиққан ва фойда кўрган ҳам. Ушбу мусобақалар трансляция ҳуқуқини сотиб олиш учун қанча маблағ сарфлангани ва қанча фойда кўрилгани тўғрисида маълумотлар йўқ.
|