Ҳозирга қадар олимлар зилзила рўй беришини олдиндан аниқ башорат қилиш усулларини билмайдилар.
Шунга қарамай, зилзилаларни ионосферадаги ўзгаришлар, турли хил электромагнитли индикаторлар, шу жумладан инфрақизил ва радиотўлқинлар, отилган радон ва ҳайвонларнинг ғайриодатий феъл-атворига қараб башорат қилиш усулларидан фойдаланишга ҳаракат қилинмоқда.
Бу ҳақда Sharh.uz сайти Ўзбекистон Интелектуал мулк агентлиги асосланиб хабар беради.
«Ўзбекистон Фанлар академияси С.Азимов номидаги “Физика-Қуёш” илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси Физика-техника институти олимлари томонидан ишлаб чиқилган ҳаводаги радоннинг хажмий фаоллигини ўлчаш учун қурилма бу борадаги муҳим қадамдир»,-дейилади хабарда.
Ихтиродан ядро физикаси ва техника, атроф-муҳитнинг радиофаоллигини экспресс-назорат қилиш, хусусан, ҳаводан радон фаоллигини ўлчаш ва ер силкинишларини қисқа муддатли айтиб бериш учун қурилмалар яратишда фойдаланиш мумкин.
Қурилма нур тарқатиш детектори, ҳавони киритиш-чиқариш учун патрубкалар ва электрон рўйҳатга олувчи блон билан таъминланган бўлиб, натижада ҳаводаги радон фаоллигини экспресс-назорат қилиш осонлашади, бу жараённинг аниқлиги, тезлиги ва хавфсизлиги юқори даражада таъминланади, энергия тежалишига эришилади.
Бу ихтирога IAP 04882 рақамли давлат патенти берилди.