Ўзбекистон Malaysia Airlines’га тегишли йўқолган Boeing 777ни қидириш ишларига қўшилди. Бу ҳақда 12news.uz хабар бермоқда.
Ўзбекистондан ташқари, ушбу операцияга Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Покистон, Бангладеш, Ҳиндистон, Хитой, Лаос, Вьетнам, Таиланд, Индонезия, Австралия ва Франция ҳукуматлари ҳам жалб этилган.
12news.uz’нинг Малайзия транспорт вазири Ҳишамуддин Ҳусайндан иқтибос келтиришича, расмий Куала-Лумпур радар маълумотлари ёки сунъий йўлдош суратларини тақдим эта оладиган, шунингдек, денгиз ва ҳаводаги қидирув ишларида ёрдам бера оладиган барча мамлакатлардан ёрдам сўраган.
Бортида 227 йўловчи ва 12 нафар экипаж аъзоси бўлган Малайзия самолёти билан алоқа ҳаво кемаси Жанубий Хитой денгизи устидан учиб ўтаётган вақтда, 8 март куни маҳаллий вақт билан 2:40да узилган. Boeing 777 Куала-Лумпурдан Пекинга томон учиб кетаётган эди.