Лондонда жойлашган Иқтисодиёт ва тинчлик институти (The Institute for Economics and Peace) томонидан ҳозирланган Глобал террорчилик рейтингида Ўзбекистон 162 давлат ичида 124-ўринни эгаллади. Тадқиқот натижалари институтнинг сайтида эълон қилинди.
Бир қанча индикаторлар асосида тузиб чиқилган индексда давлат қанча паст ўринни эгалласа, унда террорчилик хавфи ҳам шунча паст бўлади.
Минтақанинг бошқа давлатлари қайд қилган натижаларга келсак, қўшни Туркманистон Ўзбекистон билан 124-ўринни бўлишиб олди. Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда эса вазият бироз ёмонроқ экан – улар мувофиқ равишда 83, 84 ва 86-ўринларни эгаллашди.
Шу билан бирга, 2014 йилда террорчилик қурбонлари сони ўтган йилдагига нисбатан 80 фоизга ошгани қайд қилинди.
Террорчилик хавфи энг юқори бўлган 5 давлат Ироқ, Нигерия, Афғонистон, Покистон ва Суриядир. Бу давлатларга теракт қурбонларининг 78 фоизи тўғри келди. Ўнликка, шунингдек, Ҳиндистон, Яман, Сомали, Ливия ва Таиланд кирди.
Индексда Хитойга 22, Туркияга 27, Буюк Британияга 28, Россияга 23, АҚШга 35-ўринлар берилди.
|