29 ноябрь, пайшанба куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида ОФК йил лауреатларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
2012 йил якунларига кўра Ўзбекистон Футбол федерацияси ОФК томонидан "Fair Play" соврини билан тақдирланди. Бундай номинацияда ЎФФ илк бор ғолиб бўлганини таъкидлаш жоиз.
Қўшимча ўрнида, "Fair Play" соврини барча ёшдаги терма жамоалар ва клубларнинг Осиё Футбол конфедерацияси тасарруфига кирувчи мусобақалардаги иштирокига қараб берилади. Ўзбекистон Футбол федерацияси бу борада Эрон ҳамда Австралия Футбол федерацияларини ортда қолдирди ва "Fair Play" совринини қўлга киритди.
"Fair Play" совринини қабул қилиб олган ЎФФ Президенти Мираброр Усмонов ушбу соврин ўзбек футболида қилинаётган ижобий ишлар ва олдинга ташланган катта қадам учун муносиб баҳо бўлганини таъкидлади. "Бу соврин бизга эндиликда янада катта масъулият юклайди. Биз бу борада ОФКга ёрдам беришга ва "Fair Play" тамойилини мустаҳкамлашга ҳаракат қиламиз", - деди Мираброр Усмонов.
"Fair Play - рақибга нисбатан ҳурмат ва дўстона муносабат деганидир. Майдонда футболчилар бир-бирларига рақиб бўлсалар-да, майдондан ташқарида улар ҳамкасб. Улар бутун дунёга ўз ўйинларини намойиш қиладилар. Улар орасида бу тамойилни сақлаб қолиш жуда муҳимдир", - дея қўшимча қилди ЎФФ президенти.
Эслатиб ўтамиз, ОФК йил лауреатларини тақдирлаш маросимида ўзбекистонлик лайнсмен Абдуҳамидулло Расулов 2012 йилнинг энг яхши қанот ҳаками сифатида эътироф этилган эди, деб ёзади ЎФФ матбуот хизмати.