Ўзбекистон Республикаси энг бахтли мамлакатлар рейтингида 60-ўринни эгаллади. Бу ҳақда БМТ буюртмасига асосан тайёрланган World Happiness Report 2013 (жаҳон бахт маърузаси) ҳисоботида келтирилган.
БМТнинг барқарор тараққиёт таъминоти тармоғининг ушбу ҳисоботида дунёдаги энг бахтли мамлакатлар рейтинги берилган. Унда жами 156 давлат рўйхатга олинган бўлиб, овоз беришда иқтисодиёт, психология, статистика ва бошқа илмий мутахассислар иштирок этишди.
Мамлакатлардаги бахтиёрлик даражасини аниқлашда 6та фактор ҳисобга олинди: реал ЯИМнинг аҳоли жон бошига даражаси, соғлом умр кўриш давомийлиги, ён-атрофидагиларга ишониш имконияти, қарор қабул қилишда эркинликнинг субъектив даражаси ҳамда коррупциядан ҳимояланганлик ва сахийлик.
Ушбу рейтингда Ўзбекистон Республикаси 5,623 индекси билан 60-ўринда қайд этилди. Ҳисобот муаллифларининг фикрича, юртимизда бахтиёрлик даражаси 0,39 пунктга ўсган.
Ўзбекистон Беларусь (66-ўрин), Россия (68), Туркия (77), Португалия (85), Украина (87), Руминия (90) ва Хитой (93) каби мамлакатлардан олдинда, Туркманистон (59), Қозоғистондан (57) эса орқада қайд этилди.
Рўйхатнинг биринчи қаторларини Дания (1), Норвегия (2), Швейцария (3), Нидерландия (4) ва Швеция (5) бошқариб турибди. АҚШ 17, Британия 22-ўринни эгаллади.