19 сентябрь куни 2012 йилги Осиё Чемпионлар Лигаси чорак финал баҳслари старт олади. Босқич ўйинлари доирасида Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби чоршанба куни Австралиянинг «Аделаида Юнайтед» клуби меҳмони бўлади. Чорак финал ўйинлари «Осиё футболи очарчиликка қарши» шиори остида ўтказилади. Ўйин 19 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 15:00да бошланади ва у ЎзМТРК "Спорт" телерадиоканали орқали жонли намойиш этилиши режалаштирилган.
Бефойда ғалаба
«Бунёдкор» ва «Аделаида» шу кунгача ўзаро тўрт марта рўбарў келишган. Дастлабки тўқнашувлар 2008 йилги Чемпионлар Лигасининг ярим финал босқичида бўлиб ўтган. Ўшанда, «Бунёдкор» ўз ярим финал жуфтлигида яққол фаворит сифатида эътироф этилганига қарамай, таркибида Ривалдо, мураббийи Зико билан бирга Аделаида сафаридан 0:3 ҳисобидаги мағлубият билан қайтганди. Тошкентда бўлиб ўтган жавоб учрашувида эса Баҳодир Пардаев томонидан киритилган ягона гол «Бунёдкор»нинг финалга чиқиши учун етарли бўлмаганди.
Сўнгги икки ўйин эса 2012 йилда, ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасида бўлиб ўтди. Бахтга қарши, «Бунёдкор» бу сафар ҳам «Аделаида»га қарши ўйинларда фаворит сифатида эътироф этилганди, бироқ биринчи, бунинг устига Тошкентда ўтказилган ўйинда «Бунёдкор» рақибга 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди. Сафарда бўлиб ўтган жавоб учрашувида эса ҳисоб очилмади – 0:0.
«Хато қилиш мумкин эмас»
«Бунёдкор» бош мураббийи Миржалол Қосимов: «Учрашув бизга ҳам, рақибга ҳам осон бўлмайди. Ҳар иккала клуб ҳам бир-бирларини жуда яхши билади. «Аделаида Юнайтед» билан гуруҳ босқичи доирасида ўтгазган ўйинларимиз ортда қолди. Чорак финал босқичидаги баҳс тамомила бошқача. Ҳар бир хато қимматга тушиши мумкин. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мен бир нарсани таъкидламоқчиман – бизнинг жамоамизда ҳақиқий профессионаллар жамланишган. Шундай экан, парвозлар ҳам, чемпионатдаги мағлубият ҳам бизга ҳеч қандай қийинчилик туғдирмайди. Ўтказадиган ҳар бир учрашувимиз қандай натижа билан якунланишидан қатъи назар биз ортда қолган кунни унутамиз ва янгисига тайёргарлик кўрамиз».
«Аделаида Юнайтед» бош мураббийи Жон Космина: «Бунёдкор» билан авваллари ҳам, бу мавсумда ҳам ўйнаганмиз. Бу жиҳат эса ўйинга тўғри тактика танлашимизда бизга қўл келиши керак. Асосан ўз майдонимизда бўладиган баҳсда муваффақият қозонишни ўйлаяпмиз. «Бунёдкор»нинг ўйин услуби буткул ўзгариб кетади деб ўйламайман. Рақибимиз бизга ва «Соннам Илхва Чонма» клубларига қарши қандай ўйнаган бўлса, эртага ҳам шу услубдан воз кечмаса керак. Агар биз ўз ўйинимизни кўрсата олсак, якуний натижа ижобий бўлади. Ўйинга турли хил тактика қўллаш мумкин. Агар шогирдларимдан бири берилган кўрсатмаларни бажара олмаса ёки рақиб ўта кучли ўйин кўрсатадиган бўлса у ҳолда ўйин пайтида услубни ўзгартирамиз».
Ҳакамлар
«Бунёдкор» ҳамда «Аделаида Юнайтед» ўртасидаги ўйинни Абдуллоҳ ал-Ҳилолий бошчилигидаги уммонлик ҳакамлар бригадаси бошқариб боради. 2012 йилги мавсумда ушбу ҳакам, мусобақа «А» гуруҳидан ўрин олган Теҳроннинг «Истиқлол» ҳамда Қаршининг «Насаф» жамоалари ўртасидаги ўйинни ҳам бошқариб борганди.
«АДЕАЛИДА ЮНАЙТЕД» (Австралия) – «БУНЁДКОР» (Ўзбекистон)
Бош ҳакам: Абдуллоҳ ал-Ҳилолий (Уммон).
Ён қанот ҳакамлари: Ҳамид ал-Маёҳий, Саид ал-Ғаффорий (иккиси ҳам – Уммон).
Тўртинчи ҳакам: Иброҳим ал-Ҳусний (Уммон).
Назоратчи: Субраманиам Селиражен (Малайзия).