Главная » 2012»Октябрь»15 » Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси – жаҳон чемпиони!
23:11
Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси – жаҳон чемпиони!
Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси 2012 йилги жаҳон чемпионати баҳслари ғолибига айланди. Россия терма жамоасига қарши ҳал қилувчи ўйинда Мавзурхўжа Умархўжаев шогирдлари 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Россиянинг Калининград шаҳрида ташкил этилган ампутантлар терма жамоалари ўртасидаги 2012 йилги жаҳон чемпионати баҳслари якунига етди. 14 октябрь куни бўлиб ўтган мусобақанинг финал учрашувида Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси мусобақа мезбони – Россия терма жамоасини 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратишга муваффақ бўлиб, жаҳон чемпиони унвонини ўзида сақлаб қолишга муваффақ бўлди. Ўзбекистон ампутантлар терма жамоасига тарихдаги учинчи жаҳон чемпионлигини тақдим этган ягона гол Ҳайдарали Турсунбоев ҳисобига ёзилди. Таъкидлаш жоиз, Мавзурхўжа Умархўжаев шогирдлари мусобақа давомида бирорта ҳам ўйинда мағлубият нималигини билишмади. Жумладан, мусобақа Туркия терма жамоасига қарши 6:1 ҳисобидаги ғалаба билан бошланган бўлса, гуруҳ босқичининг 2-турида Япония терма жамоаси дарвозасига жавобсиз 7та гол урилди. Кейинчалик эса Либерия (8:2), Англия (4:2) ва Украина (4:0) терма жамоалари ҳам мағлубиятга учратилди. 2010 йилги жаҳон чемпионати финалчиси – Аргентина терма жамоасига қарши кечган ярим финал ўйинида эса ўзбекистонлик футболчилар рақиб дарвозасига жавобсиз 4та гол уришга муваффақ бўлишди. Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси 2007 ва 2010 йилги жаҳон чемпионатлари ғолиби ҳисобланади. 2007 йилги мусобақа финалида ўзбекистонлик футболчилар Россияни мағлубиятга учратишган бўлса, 2010 йили Аргентинада бўлиб ўтган турнирда Анвар Исмоилов қўл остида тўп сурган терма жамоа ҳал қилувчи финал ўйинида мезбонларни 3:1 ҳисобида ер тишлатган эди. Икки йил аввалги финалда ҳам Ҳайдарали Турсунбоев гол уришга муваффақ бўлганди. Ўзбекистон ампутантлар терма жамоаси жой олган самолёт 18 октябрь куни Калининград – Тошкент йўналиши бўйлаб парвоз қилиб, соат тонгги 04:15да Ўзбекистонга келиб қўнади.