Россия Федерацияси президенти Владимир Путин 13 июль куни Бразилияда бўлиб ўтаётган футбол бўйича жаҳон чемпионати финал учрашувига кейинги жаҳон чемпионатини қабул қилувчи мамлакат раҳбари сифатида ташриф буюради.
Бу ҳақда президент ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди. “13 июль куни президентнинг жаҳон чемпионати финал учрашувида қатнашиши режалаштирилган. Бу Россиянинг навбатдаги жаҳон чемпионатини қабул қилиши билан боғлиқ”,-деди Ушаков.
Унинг сўзларига кўра, учрашувдан сўнг эстафетани Россия қабул қилиш маросими бўлиб ўтади.
Аввалроқ, ФИФА президенти Йозеф Блаттер Россия федерация президентини кутаётганини маълум қилди. Путин шу куни ЖЧ-2018 ташкилотчиси мажбуриятини олади.
Шунингдек, Путин 15 июль куни Бразилияда бўлиб ўтадиган БРИКС саммити йиғилишида иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2014 финал учрашуви 13 июль куни Рио-де-Жанейродаги “Маракана” стадионида бўлиб ўтади.
|