Қушларни ҳимоя қилиш жамияти Ўзбекистонда «Spring Alive» яъни «Баҳор келмоқда!» номли янги лойиҳани амалиётга табиқ қилади. Ушбу лойиҳа қушларнинг баҳорги миграцияси жараёнини кузатишга қаратилган. Бу ҳақда эконьюс.уз нашри хабар берган.
«Баҳор келмоқда!» дастури жаҳоннинг 46 мамлакатида бир неча йиллардан бери табиатни муҳофаза қилиш ташкилоти - BirdLife ҳамкорлигида ташкил этиб келинади. Ўзбекистонда қушларга бефарқ бўлмаган одамлар 2013 йилдан бошлаб ушбу лойиҳада иштирок этишлари мумкин.
Қушлар миграциясини кузатиш мақсадида ташкил этилаётган мазкур лойиҳа учун халқаро "Spring Alive" жамоаси томонидан баҳор келганидан дарак берувчи қушлар орасидан кўпчиликка яхши таниш бўлган 5 турдаги қушлар танлаб олинган. Булар оқ қуш, қалдирғоч, қора узунқанот, оддий какку, тилла кўркинак. Дастурга қўшилган ҳар бир мамлакат учун интернет-сайтлари ишга туширилади ва баҳорда ҳар бир кўнгилли он-лайн тарзида қушларнинг учиб келишини кузатиш имкониятига эга бўлади.
2012 йилнинг бошида «Баҳор келмоқда!» дастурини ишга тушириш асносида юртимизда махсус интерактив интернет-сайти ҳам ишга туширилганди (http://www.springalive.net). Ҳозирда Қушларни ҳимоя қилиш жамияти ходимлари томонидан сайтни янги маълумотлар билан тўлдириш ишлари олиб борилмоқда. Дастурга кўпчиликни жалб этиш мақсадида сайтдаги маълумотлар учта тилда (ўзбек, инглиз ва рус) келтирилган.