Ўзбекистон Республикаси Президенти "Қурбон ҳайитини нишонлаш тўғрисида"ги Қарорни имзолади.
Унга мувофиқ, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг жорий йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 15 октябрь сешанба кунига тўғри келиши ҳақидаги мурожаатини инобатга олиб, шу кунни дам олиш куни деб эълон қилинди ва ушбу кун мамлакатимизда байрам сифатида кенг нишонланиши белгиланди.
Республика "Нуроний”, "Маҳалла” жамғармалари ва бошқа барча мутасадди идора, жамоат ташкилотлари Қурбон ҳайитининг жойларда тартибли ва юқори даражада, халқимизнинг миллий қадриятларига мос равишда ўтиши учун тегишли тадбирларни амалга ошириш топширилди.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ва бошқа оммавий ахборот воситаларига эса Қурбон ҳайитини нишонлаш билан боғлиқ тадбирларни кенг ёритиш тавсия этилди.