«Қиз бола бировнинг хасми», «қиз бола — палахмон тоши» деган гапларни кўп эшитамиз. Бу ибора қулоқларимизга ўрнашиб кетган бўлса-да, баъзан ота-онанинг қарори қизларининг қаршилигига сабаб бўлади. Бугунги қаҳрамонларимиз ана шундай қизлар…
Қизларимизга актриса Зуҳра Солиева маслаҳат беради:
— «Суғдиёна» — севимли газетам. У бошқа газеталардан кескин фарқ қилади. Ўз мухлислари учун ҳар ҳафта албатта бирорта янгилик қилади. Мен бу газетанинг нафақат ҳаётимда, балки ўйнаётган ролимда ҳам мухлисиман. Яқинда 30-қисмли сериалда роль ижро этдим. Ундаги қаҳрамоним ҳам айнан шу газетани севиб ўқийди…
«ФОТИҲАЛАНГАНИМ БИЛАН КЕЛИШОЛМАЙМАН»
Марғиёна, 22 ёш, Сурхондарё вилояти:
— Мени яқинда бир қариндошимизга унаштириб қўйишди. У йигит билан умуман чиқиша олмайман. Бахтли бўлишимга ҳам кўзим етмайди. Чунки унга нисбатан кўнглимда ҳеч нарса йўқ. Қаердан ҳам бўлсин, кўнглим бошқада ахир…
Очиғини айтсам, ўзга йигитга кўнгил берганман. У ҳам мени яхши кўради. Биз бир-биримизни жуда севамиз. Қариндошимиздан совчи келмасдан аввал у ўз одамини юборганди. Афсуски, ота-онам рад этишди:
— Бизга тўғри келмайди. Тенг тенги билан, тезак қопи билан… — деди онам эшитишни ҳам истамай.
Отамнинг топиш-тутиши яхши, обрўли жойда ишлайди. Ёқтирганимнинг эса оиласи оддий. Бизни ажратаётган сабаб ҳам шу.
— Ойи, ҳамманинг пешанасига берсин. Отаси бой эмас экан, ўзи бойиб кетар. Йигитнинг моли кўчада дейишади-ку!
— Сен нимани ҳам билардинг? Қиз болага ким қўйибди гапиришни. Оғзингни юм.
Ўшандан буён оғзимни юмдим. Ўшандан буён юрагим юм-юм йиғлайди. Чидолмай, дардимни опамга айтдим. Мени тушунгандек бўлди. Аммо…
— Ўзинг ўйла, фотиҳани қайтариб бўлмайди. Одамлар нима дейди? Ор-номус деган нарса бор. Отамнинг бошини эгасан! Агар ўша йигитга тегиб, бахтли бўлмасанг, кейин бир умр таъналар остида яшайсан. Қариндошимиз билан юзкўрмас бўламиз. Шунинг учун энди ҳаммасини ичингга ют.
Мана ҳамманинг айтганини қилаяпман. Оғзимни юмдим, дардимни ичимга ютдим. Аммо қалбим нотинч. Мени ҳеч ким тушунмагани учун сиқилиб кетаяпман. Ўзингиз ўйланг, ҳозирданоқ ўша унаштирилган йигитим билан чиқиша олмайман. Эртага қандай яшайман? У билан бахтли бўлишимга ким кафолат беради? Агар ажрашиб, қайтиб келсам ҳам қариндошчилигимиз бузилади, отамнинг боши эгилади-ку! Нега уйдагилар буни ўйлашмайди? Нега кўнглим билан ҳеч кимнинг иши йўқ?
Маслаҳат: — Синглим, сиз ҳозир ёшсиз, севги кўзларингизни кўр қилган. Ота-онангиз эса кўпни кўрган кишилар. Фарзанд учун ота-она розилиги муҳим. Уларга қарши чиқманг. Аввало, бу йигитга фотиҳа қилинишингиз Аллоҳдан. Худойим сизни унга муносиб кўрган. Ҳозир чиқиша олмаяпман, деб ўйлаяпсиз. Чунки хаёлингизда севган йигитингиз бор. Унга вафодор бўлиш учун ҳам фотиҳаланган йигитга терс гапираётган бўлишингиз мумкин. Аммо никоҳ шундай муқаддас нарсаки, ундан кейин ҳар қандай кўнгил боғланади. Сиз ҳам бахтли бўласиз. Ота-онангизни норози қилмасангиз бўлгани. Чунки улар сизга ёмонликни раво кўрмайди.
СОВЧИ ЮБОРИШ ЎРНИГА АРАЗ
Замира, 20 ёшда, Хоразм вилояти:
— Кўнгил иши қийин экан. Мен ҳам бир йигитга кўнгил қўйгандим. Беш йилдан буён севишамиз. Бир-биримизни яхши биламиз. Чунки бир маҳаллада яшаймиз. Яқинда менга келган совчиларга уйдагилар розилик беришмоқчи бўлишди. Фотиҳа ҳам қилишмоқчи. Табиийки, бу йигитимнинг қулоғига етиб борган. У ҳали менга совчи юборгани йўқ. Совчи юбориб, тўйнинг олдини олиш ўрнига менга жаҳл қилаяпти. Бизнинг муносабатимиздан унинг уйидагилари хабардор. Опаси билан ҳам гаплашиб тураман.
— Ота-онам сенга совчи келганини айтишди унга. Борайлик, ўзимизники қилиб қўяйлик, деяпти, — деди опаси менга телефонда. — Укам эса «йўқ, кераги йўқ», деди. Унинг назарида сен атай бошқага тегиб кетаяпсан.
— Атай қилаётганим йўқ. Уйдагилар беришмоқчи бўлишаяпти. Нега мендан хафа бўлаяпти, ўзим ҳам тушунмайман, — дедим у кишига.
Ростдан ҳам севган йигитим ўзгариб қолган. Мен билан аввалгидек гаплашмайди. Ҳатто, охирги марта қалбимга озор ҳам берди:
— Тегиб кетавер, хоҳлаганингга! Мен ҳам бошқасини топдим.
Бу хафагарчиликнинг, кўнгилхираликнинг сабабини англай олмаяпман. Наҳот бошқани топиб олган бўлса, деб юрагимга ғулғула тушганди. Бир кўча наридаги бир қиз телефон қилиб қолди:
— Сенга бир гапни айтиб қўймасам бўлмайди. Йигитинг мен билан гаплашаяпти. Муносабатларингни билганим учун сенга қўнғироқ қилдим.
Бу мен учун ёмон зарба бўлди. Ўзи уйдагиларнинг қароридан сиқилиб юргандим. Бу жуда оғир ботди. Шундай пайтда тушуниш, мен учун курашиш ўрнига… Аммо уни йўқотишни истамайман. Шунинг учун ота-онамга қарши чиқайми? Бунинг учун ҳам журъат етмайди! Қандай йўл тутишга ҳайронман…
Маслаҳат: — Замирахон, кўнглингизга олманг-у, ўша йигит сизни севмайди. Умуман севмайди! Сизга келган совчи ва фотиҳангиз ҳақидаги гап унга қулайлик яратган. Яхшигина баҳона бўлган. Пайтдан фойдаланиб ҳамма айбни сизга ағдариб, сувдан қуруқ чиқмоқчи. Ақлингиз бўлса, бу йигит учун куюнманг. Агар у сизни севганида совчи келаётганини эшитгани заҳоти ўз одамини юборган бўларди. Муҳаббати учун курашарди. У эса бунинг аксини қилаяпти. Ишонч билан айтаман, бу йигит сизни севмайди ва куйинишингизга арзимайди. Аёл учун ҳаётда севилиб яшагани бахт. Сиз ўзингизни севган, ардоқлаган йигитга турмушга чиқинг. Қадрингизни билинг!
«ШИРИН СЎЗЛАРИДАН СЎНГ СЕВИБ ҚОЛДИМ…»
Мафтуна, 21 ёш, Сирдарё:
— Шу пайтгача ҳеч бир йигитга кўнгилга қўймагандим. Гапирган йигитларни назарга олмасдим. Танлаганим бўлмагани учун ота-онам ўзлари истаган кишига фотиҳа қилишди. Қарши бўлмадим. Чунки йигит менга ёққанди. Касби ҳарбий бўлгани учунми, тартибли, оғир-вазмин. Иши юзасидан ҳозир бошқа вилоятда. Шунинг учун кўп гаплашиб, учрашишнинг иложи йўқ. Бундан норози эмасман, албатта. Аммо… мана икки ойдирки, тинчим йўқолди. Ҳаммаси телефонимга адашиб тушган бир йигит туфайли.
— Овозингиз мунча ёқимли. Овозингизга муносиб бўлсангиз бўлмайдими? — деганди у қайта телефон қилмаслигини айтганимда. Лекин гапларим ҳавога учди, қайта-қайта қўнғироқ қилаверди. Қўнғироқ қилмаган вақтлари «SMS» жўнатиб турарди. Турли латифалар ва ривоятлар билан хурсанд қиларди. Бора-бора унга қўпол гапирмайдиган бўлдим. Чунки шунча ёмон гапирсам ҳам мулойимлик ва ҳазил-ҳузул билан жавоб қайтарарди. Уни огоҳлантириш учун муомаламни яхшилаган кунимоқ дедим:
— Мен фотиҳа қилинганман. Яна бошимни айлантиришга уринманг.
— Ёлғон гапириш сизга ярашмас экан.
— Рост айтаяпман.
— Наҳотки, бу қизнинг заҳар гаплари тугади, деб ҳайрон бўлгандим. Бунақа баҳонангиз бор экан-да!
Хуллас, у гапларимга ишонмади. Уч ой давом этган суҳбатлардан сўнг унга боғланиб қолаётганимни сездим. Ўша ондаёқ гаплашмасликка аҳд қилдим. Қани, уддасидан чиқа олсам… Қўнғироқ қилишини билиб, телефонимни ўчириб қўярдим. Аммо ишонасизми, ўчиқ телефонимга ҳам минг марталаб қарардим. Ёққанимда эса унинг қўнғироқ қилганини билдирувчи ўнлаб хабарлар ва у ёзган «SMS»лар ёғиларди. Шундагина уни севиб қолганимни англадим. Буни бир умр сир тутмоқчи эдим. Охирги гапларидан кейин тинчим йўқолди.
— Совчи юбораман, фотиҳангизни қайтаринг…
Шу гапни эшитганимдан буён икки ўт орасидаман. Ҳатто у билан бир бор учрашдим ҳам. Бир-биримизга жуда ёқдик. Кўнглим уни деяпти. Қандай йўл тутай?..
Маслаҳат: — Сингилжоним, сиз тайёр бахтингиздан юз ўгирмоқчи бўлаяпсизми? Фотиҳа қилинган йигитингизни ўзингиз мақтаб, яна юз ўгирмоқчимисиз? Ҳозир бунақа касби, иши тайин, оғир-вазмин йигитлар кам. Бошингизда бахт қуши қўнибди. Уни қувманг. Телефонда гаплашган йигитга келсак, сиздан олдин ёки кейин бирор ким билан шунақа муносабатда бўлмаган, деб айта оласизми? Унинг қандай йигит эканлигини яхши билмайсиз-ку! Сиз ҳали бирортани севмаганман, гаплашмаганман деяпсиз. Бу йигитнинг ширин гаплари сизни «эритиб» юборган. Бу ўткинчи нарса. Шундай экан, фотиҳангизни қайтаришни хаёлингизга ҳам келтирманг.
Н.УСАНБОЕВА (sog`diyona gazetasi)