ЭРКАК САНЪАТКОРЛАР ИЧИДА...
УЛУҒБЕК РАҲМАТУЛЛАЕВ. Бир кунда 10дан ортиқ таклифлар тушишини айтади, продюсер. Ҳозирги мавсумнинг энг талабгор юлдузига айланди, у. Тўйхонаю ресторан иш юритувчиларига кўра, пойтахтда бир кунда камида 4 та хизматда Раҳматуллаевни учратасиз. Унинг нутқи ва репертуарини фақат хитларга бойитгани эса даврага ёшу қарини бирдек чорламоқда. Бўш келманг, Раҳматуллаев.
АЛИШЕР ФАЙЗ. Файз олишни узоқ йиллар йиллар излаган хонанда ниҳоят эришди. "Бефайз” таърифига алал оқибат чек қўйди. У кирган давра қизигандан қизийдиган бўлган. Шу кунларда Раҳматуллаев билан таққослаганда, барибир иккинчи ўрин унга жуда муносиб!
ОЗОДБЕК НАЗАРБЕКОВ. Ўзбекистон халқ артисти тўйга келганининг биринчи белгиси, хонанданинг продюсери Илёс Дадабоев ва админи Ҳабибулло (мўйловидан тез танишади) нинг пайдо бўлиши. Озодбекда шўх қўшиқлар кўп, бироқ, негадир даврага тушиб ўйнайдиган кам. Балким, у йиғилган аёлларни ўзига мафтун қилиб, уларнинг даврани тўлдириб, рақсга тушишларини ёдидан чиқариб юборар?!
АЁЛ САНЪАТКОРЛАР ИЧИДА...
Юлдуз Усмонова. Аёл санъаткорлар бошида. Неча йилдирки, биринчиликни қўлдан бермай келади. Унинг даврага кириб келиши ҳам юлдузли онларга чулғанади. Мусиқачиларини ҳам таниб қолишган. Дўппили доиракаш, узун жингалак сочли гитарачи – Усмонова тўйда пайдо бўлишидан дарак. Тўйни тарк этаётган меҳмонлар, Усмоновага кўзи тушиб қолгудай бўлса, тезда уйга шошиш истагига "хиёнат” қилиб, хонанданинг ортидан эргашиб, ресторанга қайтиб кириб кетади. Дарвоқе, гонорари Ўзбекистонда энг қиммат бўлишига қарамасдан, Усмоновани тўйига айтиш истагидагилар сони етарли даражада!
Муниса Ризаева. Мавсумнинг энг талабгор юлдузига айлангани рост. Ҳатто олқишлар билан қарши олинаётганини кўпчилик ҳамкасблари тасдиқлайди. Давринг келди, давронингни сур, Мунис!
Райҳон. Ушбу рейтингнинг учинчи ўрнида. Айтилган вақти соатида келади ва шўх қўшиқларини кетма-кетлик билан улаб, завқни энг юқорига кўтаришга эришади.Энг қизиғи, негадир хонанда клипларидаги фаол ҳаракатларни умуман такрорламайди. Рақсни томоша қилиш меҳмонларга армон бўлиб қолади. Балки, бу "интрига”ли одатларини Райҳон фақат яккахон концертларига атаб қўяр! Энг асосийси, у ўзининг бетакрор табассуми билан мухлисларини хушнуд этади.
Давоми бор...
Жасур ҲАМРОЕВ