Кеча республикамизнинг Жиззах вилоятида Душанбедан Конибодомга йўл олган йўловчи поезди изидан чиқиб кетди.
Маълумотларга қараганда, мазкур поездда Тожикистон ҳарбий хизматига чақирилган 200 киши ва Тожикистон Мудофаа вазирлигининг бир неча офицерлари бўлган.
Поезднинг бешта вагони республикамизнинг Жиззах вилояти Ғаллаорол туманида изидан чиқиб кетган. Ушбу бахтсизлик оқибатида 33 киши тан жароҳатлари олган. Қурбонлар хақида маълумотлар йўқ. Барча жабрланганлар Ғаллаорол туман шифохонасига етказилган.
Воқеа жойига зудлик билан туман ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги ходимлари ҳамда шифокорлардан иборат гуруҳ етиб келган.
Душанбе-Конибодом йўналишида ҳаракатланган 367-сонли поезд 10 октябр 18:00 манзилига етиб бориши лозим бўлган. Поездда жами 298 йўловчи ва 23 та хизмат кўрсатувчи ходим бўлган.
Айни дамда Ўзбекистон томонидан йўловчиларни ўз манзилига етказиш масаласи кўриб чиқилмоқда.
Душанбе-Конибодом поезди 700 км масофани Ўзбекистон ва 200 км.га яқин масофани Туркманистон ҳудудида босиб ўтади.