Тошкентда янги қурилган «Минор» жомеъ масжидининг очилиш маросими 1 октябрь, чоршанба куни бўлиб ўтди. Qadriyat.uz’нинг хабар беришича, 4 октябрь — Қурбон Ҳайити куни ҳам масжидда катта жамоат йиғилиши кутилмоқда. 2013 йилда қабул қилинган «Тошкент шаҳрининг Минор маҳалласи ҳудудида масжид барпо этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига биноан барпо этилган ушбу жомеъ масжиди миллий меъморчик анъаналарини ўзида мужассам этган бўлиб, бир пайтнинг ўзида 3 мингдан зиёд намозхонни бағрига сиғдира олади. Лойиҳага кўра, масжиднинг бош биноси – икки қаватли хонақоҳ қад кўтарди, иккита пештоқ, баландлиги 38 метр бўлган иккита минора ва бир гумбаз нафақат кичик ҳалқа йўл, балки олис- олислардан ҳам кўриниб, қўр тўкиб туради. Масжид ҳовлисининг икки томонида миллий ёғоч ўймакорлиги услубларида безатилган устунлар ўрнатилиши ўзига хос салобат касб этади.