Тошкентда автомобилини белгиланмаган жойга тўхтатиб кетган ёки бошқа автомобиллар ва пиёдаларнинг ҳаракатланишига халал берадиган даражада қўйиб кетган ҳайдовчиларнинг уловига «СтопХам» («Тўхта, сурбет») ёрлиқларини ёпиштириб кетишмоқда.
Ушбу акция ким томонидан бошлангани, ёрлиқларни кимлар ёпиштираётгани аниқ эмас, бироқ ижтимоий тармоқларда айнан қоидабузар ҳайдовчиларнинг автомобилларига шундай ёрлиқлар билан белгиланганини тасвирлар тарқалиб кетган.
Ижтимоий тармоқларнинг фойдаланувчилари ҳайдовчиларни бундай йўл билан тарбиялаш борасида, одатдагидек, икки бўлинган, дея хабар бермоқда Podrobno.Uz. Аксарият фойдаланувчилар бу фикрни маъқуллаётган бўлса, бу ҳолатга қарши чиқаётганлар ҳам бор.
Қайд этиш жоиз, «СтопХам» ҳаракати қўшни мамлакталарда, асосан, Россияда айниқса фаол бўлиб, бунда ҳатто ҳаракат иштирокчилари қоидабузар автоҳаваскорларнинг ҳаракатларини кузатув камераларига ёзиб олиб, алоҳида кўрсатув ҳолида интернетга юклашади ҳам.
Тошкентда эса «СтопХам» ҳаракати аъзолари ҳозирча қоидабузар автомобилларнинг олд ойнасига тегишли ёрлиқни ёпиштириб кетиш билан чекланишмоқда.