Тошкентдаги Driver’s Village автосалонида GM Uzbekistan томонидан ишлаб чиқарилиши бошлангана Chevrolet Orlando минивени тақдимоти ўтказилди. Тақдимот маросими 10 март, душанба куни бўлиб ўтди.
Твиттер фойдаланувчиси @jalilovsm’нинг маълум қилишича, Chevrolet Orlando модели GM Uzbekistan учун ўнинчи модель бўлади. Қайд этиш жоиз, аввалроқ Orlando 2014 йил бошидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилиши бошланиши ҳақида хабар берилган эди.
Айни вақтда, тақдимот маросимида қатнашган Daryo.Uz интернет-нашри мухбирига кўра, Orlando модели Асакада эмас, балки Хоразм вилоятида йиғилади (аввалроқ, Хоразмда Damas йиғилиши ҳақида хабар берилган эди).
Эслатиб ўтамиз, мазкур минивен ҳақидаги илк маълумотлар ўтган йилнинг ноябри бошида пайдо бўлганди. Ой охирида эса Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан бирга Тошкент шаҳридаги GM Powertrain Uzbekistan заводига ташриф буюрган Туркманистон президенти Гурбангули Бердимуҳамедовда Chevrolet Orlando катта таассурот қолдиргани, 2014 йилнинг биринчи чорагидан мазкур минивенни кенг ишлаб чиқариш йўлга қўйилиши хабар қилинган эди.
Аммо кейинроқ GM Uzbekistan’нинг ишонч телефони оператори Ўзбекистонда Chevrolet Orlando автомобили ишлаб чиқарилишини тасдиқламаганди.