Тошкент вилоятидаги Қибрай туманининг Дўрмон посёлкаси боғ ҳудуди негизида 32,4 гектар майдонга эга бўлган «Дўрмон» миллий боғи ташкил этилади. Бу ҳақда www.norma.uz сайти хабар беради.
Вазирлар маҳкамасининг 2014 йил 5 июндаги 144-сонли қарори Ислом Каримов томонидан имзоланди. Хужжатларга кўра «Дўрмон» миллий боғи қўриқланадиган табиий ҳудуд тоифасига киради, алоҳида илмий, экологик, маданий ва эстетик қимматга эга бўлган давлат мулки ҳисобланади ва давлат томонидан қўриқланади.
Ушбу миллий боғ ноёб, қимматли ўсимлик навларини сақлаш, кўпайтириш ҳамда улардан оқилона фойдаланиш мақсадида ташкил қилинади.
Боғ ҳудудида ундан фойдаланиш мақсадига зид бўлган ҳамда унинг ўсимлик объектларини сақлашга, кўпайтиришга ва тиклашга хавф соладиган ҳар қандай фаолиятни амалга ошириш таъқиқланади.
«Дўрмон» миллий боғи ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишга, шунингдек у ерда саноат, хўжалик объектлари, уй-жойлар ва бошқа объектлар қурилишини амалга оширишга йўл қўйилмайди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасининг Ҳукумат объектларига хизмат кўрсатиш бўйича Ихтисослаштирилган бошқармаси таркибида, юридик шахс ташкил этмасдан, «Дўрмон» миллий боғи дирексияси ташкил этилади.
|