Тошкентда жума куни кузатилган момақалдироқли ва дўлли кучли ёмғир натижасида шаҳарнинг кўплаб, хусусан, марказий кўчалари ва тротуарлари сув остида қолди. Бу ҳақда “Газета.uz” хабар бермоқда.
Кўчалар ва автомобиль йўлларининг сув билан тўлиши натижасида йўлларда тирбандликлар юзага келган. Кўплаб жойларда йўллар ёпилган ва айланиб ўтиш жойлари ташкил этилган.
Сув билан тўлиб қолган тротуар ва ерости йўллари пиёдаларни бошқа йўлларни излаб топишга мажбур қилган.
Шаҳарнинг фавқулодда ҳолат хизматлари ва бошқармалари кучли ёмғир оқибатларини бартараф этишга киришган. Ҳозирги вақтга келиб вазият барқарорлашган.
Қайд этиш жоиз, шаҳарда пайшанба куни кузатилган кучли шамоллар натижасида бир қатор машиналар дарахтлар остида қолиб кетганди.
|