Главная » 2013»Февраль»8 » Тошкент аэропортида валютани беркитиб олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди
00:00
Тошкент аэропортида валютани беркитиб олиб ўтмоқчи бўлганлар ушланди
Хорижга қандай мақсадда бўлишидан қатъий назар қуруқ ҳамён билан чиқилмаслиги аниқ. Лекин, бу мамлакатимиздаги нақд хорижий валюталарни исталганча ташиб кетиш мумкин дегани эмас.
Амалдаги тартибларга мувофиқ, республикамизда резидентларга 2000 АҚШ доллари эквивалентидаги нақд хорижий валютани божхона баённомасида ёзма қайд этиш шарти билан эркин олиб чиқиб кетишларига рухсат этилади. Бундан ортиқ миқдордаги нақд валюталарни олиб чиқиш учун эса ваколатли банклар ёки Марказий банкнинг ўрнатилган тартибдаги рухсатномаси талаб этилади. Юртимиздан чиқиб кетаётган хорижий фуқаролар эса кириш чоғида олиб кирган нақд валюталари миқдорига тенг валютани олиб чиқиб кетишлари мумкин.
Мазкур тартиблар ҳақида батафсил эслатмалар барча божхона постларининг баённомаларни тўлдириш устунларига ўзбек, рус ва инглиз тилларида илиб қўйилганига қарамай, сафарга отланган юртдошларимиз ва хорижликлар томонидан нақд хорижий валюталарнинг ноқонуний олиб чиқилиши билан боғлиқ ҳолатлар учраб турибди. Бу эса сири фош бўлгач, амалдаги тартиблардан бехабарлигини пеш қиладиган қонунбузарларнинг аслида божхоначиларнинг кўзини шамғалат қилишга уриниши иш бермаганини англатади. Яқинда "Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси ходимлари томонидан шу турдаги бир нечта қонунбузарлик ҳолатларининг олди олинди.
1. Дубайга йўл олган пойтахтлик Э.Мавлянов 3500 АҚШ доллари билан хайрлашишига тўғри келди. Чунки, у рухсат этилган 2000 АҚШ долларидан ортиқча бўлган ушбу нақд валюталарни яширин йўллар билан олиб чиқишга уринган экан.
2. Самарқандлик Б.Улуғмуродов эса Тель-Авивга парвози олдидан курткасининг чўнтакларида "пайдо” бўлиб қолган 4300 АҚШ долларини кўриб "ёқасини ушлади.”
3. Божхоначилар олдида ер чизиб қолган бухоролик М.Халилова яширинча олиб чиқишга уринган 4700 АҚШ долларини Истамбулда қандай қилиб сарфлаш ўй-ҳаёллари ҳам чиппакка чиқди.
4. "Тошкент-Москва” рейси олдидан божхона назорати чоғида наманганлик Р.Акбаралиев қўл юклари орасига яширилган 5400 АҚШ доллари ҳақида божхона баённомасида ва оғзаки сўров пайтида маълум қилишни гўёки унутиб қўйибди.
5. "Ўйчи ўйини ўйлагунича таваккалчи ишини битиради.” Россия Федерацияси пойтахтига йўл олган С.Кравченкога эса ушбу нақл иш бермади. У оз эмас - кўп эмас 14 минг 900 АҚШ долларини чўнтакларига жойлаганча олиб чиқишга уринган пайтда божхоначилар томонидан тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари ва суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда. Таъкидлаш жоизки, ўтган 2012 йилда "Тошкент-Аэро” ИБК ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари билан ҳамкорликда аниқланган 268 та қонунбузарлик ҳолатларида салкам 907 млн. сўм эквивалентдаги нақд ҳорижий валюталарнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилди.