2012 йил 10 июлида Тошкент шаҳрини ривожлантириш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳа муҳокама қилинди. Келажак режалар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Давлат Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳузуридаги Атроф-муҳит муаммолари ва табиий захиралардан оқилона фойдаланиш бўйича жамоатчилик кенгаши йиғилишида сўз борди.
Бугунги кунда шаҳар майдони 33 498 гектарни, аҳоли сони эса 2.234,3 минг кишини ташкил этади. Шаҳарни истиқболли ривожлантириш ишларини 2030 йилга қаар 41 800 гектар майдонда олиб бориш режалаштирилган, бу пайтга келиб пойтахт аҳолиси 3 млн.кишидан ошади.
Бош режанинг техник-иқтисодий асосида (ТИА) Тошкент шаҳри ва унинг атрофидаги зоналарни 2030 йилгача истиқболли ривожлантиришнинг базавий асослари, тамойиллари ва муҳим параметрлари белгиланган.
1. Тошкент ариқларига иккинчи ҳаёт.
Режага кўра Тошкентдаги барча ариқлар тозаланади ва кўкаламзорлаштирилади. Нафақат Бўрижар канали, балки Тошкентдаги барча кичикроқ каналларнинг ҳам жонланишига умид пайдо бўлмоқда.
2. Шаҳар ҳудудидаги саноат зоналарини қисқартириш.
Мавжуд тураржой мавзелари ёнида жойлашган саноат зоналари ҳудудларининг функционал вазифаси оптималлаштирилади, тўлақонли санитария-ҳимоя зоналари яратилади.
3. Шаҳардаги транспорт магистралларини реконструкция қилиш.
Шаҳарнинг тарихий зоналарида ерлардан самарали фойдаланиш мақсадида кўп қаватли ёки ер ости гаражларини қуриш кўзда тутилган. Автосервис пунктлари мажмуасига эга гаражларни жойлаштириш учун тураржой мавзеларидаги ишламаётган саноат корхоналари ҳудудидан фойдаланилади.
4. Йўловчи транспортини ривожлантириш истиқболлари.
Дастурни амалга оширишга шаҳар йўловчи транспорти тизимига қўшимча 32 гектар майдон керак бўлади. Метрополитен депосини жойлаштириш учун Сирғали мавзесида ҳудуд танлаш лозим. Лойиҳада йўллар бўйлаб шовқин ва чангдан ҳимоя қилувчи кенглиги 10 метр келадиган уч қаторли кўкаламзорликни яратиш ва икки қатор буталар экиш кўзда тутилган.
2030 йилга қадар узунлиги 3,5 км бўлган Юнусобод метро линиясини ҳамда С.Раҳимов метро станциясидан Сирғали мавзесигача узунлиги 8 км ни ташкил этувчи "енгил метро” тизими бўйича тезкор электр транспорти линиясини қуриш таклиф этиляпти.
5. "Тошкент” аэропортини шаҳар ташқарисига чиқариш.
Бош режа ТИАда аэропортни янги ҳудудга, яъни Тошкентдан 45 км жанубга, Жиззах томонга чиқариш таклиф этилган.
6. Тошкент – "боғ-шаҳар".
Лойиҳа бўйича кўкаламзорлаштирилган жамоат жойларини 4943 гектарга етказиш кўзда тутилган, бу ҳозиргига қараганда 3700 гектарга кўп. Жамоатчилик жойларини кўкаламзорлаштириш фоизи дярли 3 бараварга ошади.
7. Шаҳар майдони кенгаяди.
Бош режага кўра, пойтахт майдонини 41,8 минг гектаргача ошириш кўзда тутилган. Шу тарзда шаҳар ҳудуди Қибрай, Ўртачирчиқ ва Зангиота туманлари ерлари ҳисобига 8,63 минг гектарга кўпаяди. Янги чегараларда аҳоли сони 3,0 млн. кишига, аҳоли зичлиги эса гектарига 72,9 кишини ташкил этиши прогноз қилинмоқда.
8. Энергетик қайта қуриш.
ТИАда қуёш энергиясидан фойдаланиш дастурини амалга ошириш режалаштирилган. 2020 йилгача умумий майдони 1027,93 минг м2, 2030 йилгача эса умумий майдони 2035,425 минг м2қуёш қурилмаларини қуриш кўзда тутилган.
9. Ирригация тармоғини реконструкция қилиш.
Шаҳарнинг марказий ҳудудларида Бўзсув (0,8 км), Кайковус (1,0 км), Кечқуруқ (1,5 км), Дамариқ (1,0 км) каналлари; Пойтахтнинг жануби-ғарбий ҳудудида Анҳор (2,5 км), шимоли-шарқий ҳудудида – Қорасув (1,5 км), Сирғали туманидаги Тол (1 км), Баротхўжа (1,0 км), Ьектемир (1,5 км), Шокир (1,0) каналларининг бўйлари ободонлаштирилади. Шунингдек, сув ташланадиган каналлар ва коллекторлар қирғоқ зоналарида ободонлаштириш ишлари ўтказилади.
10. Шаҳар ичимлик суви тармоғини реконструкция қилиш.
Сув истеъмолидаги узилишларни компенсациялаш мақсадида Чилонзор, Мирзо Улуғбек ва Сирғали туманларидаги мавжуд сув тақсимловчи узелларда қўшимча сув тақсимловчи узеллар қурилиши кўзда тутилган.
11. Шаҳар канализация тармоқларини реконструкция қилиш.
Лойиҳада тўлиқ амортизациядан ўтган мавжуд тармоқлар ва иншоотларни реконструкция қилиш, юкламани камайтирувчи қўшимча канализация коллекторлари ва тармоқларини қуриш кўзда тутилган.