Тошкентда талабаларнинг диплом ҳимоялари бошланиши билан олий таълим муассасалари олдида кўкдори (зелёнка) аралаштирилган сув солинган идишларни сотиш бошланди, дея хабар бермоқда UZ24.
Интернет-нашрнинг ёзишича, савдоси қайнаган шундай нуқталардан бири Тошкент давлат иқтисодиёт университети олдиа пайдо бўлган. Бу ерда сотилаётган баклагалардаги «кўкдорили шампанлар»ни талабаларнинг ўзи сотиб олмоқда.
Facebook’даги «Обшчественний контроль» гуруҳида ёзишларича, аралашмани дипломини ҳимоя қилиб чиққан талабага сепиш жараёнида кўкдори суви яқин атрофда турган машиналарга тегиши мумкин ва натижада уни ўчириб бўлмайди, шу сабаб ушбу ҳолат моддий зарар ҳам етказади.
Университет вакилларининг маълум қилишича, диплом ишлари ҳимояси олдидан талабалар ўртасида тушунтириш олиб борилмоқда ва кўкдорили сувлардан фойдаланадиган талабаларнинг диплом ҳимояси натижалари қайта кўриб чиқилишидан огоҳлантирилмоқда.
Бундан ташқари, ТДИУ маъмурияти кўкдорили сув сепаётган талабаларнинг ота-оналарини ҳам суҳбатга чақирмоқда. Баъзи ҳолларда эса бундай тартиббузар талабаларга нисбатан маъмурий чоралар кўришга ҳам тўғри келмоқда.
|