Ёз ойларида ҳаммамиз ҳам тарвузни севиб истеъмол қиламиз. Аммо, кўпчилик уни сотиб олаётганида негадир адашади. Шу боис, сиз учун тарвуз танлаш бўйича бир нечта тавсияларни ҳавола этамиз.
Тиббий хулоса
Тарвуз 90 фоиз сув ва қанд моддасидан таркиб топган. Бундан ташқари, тарвузда кўп миқдорда фолат кислотаси мавжуд бўлиб, у қон яратишда иштирок этади. Қуруқ ёки янги узилган тарвуз пўчоғидан дамланган чой ёшлик ва гўзалликни сақлаб қолишга ёрдам беради. Тарвуз юз терисини ёшартириб, рангини тозалайди, шу билан бирга терига эластиклик бахш этади.
Тарвуз шарбати холестеринни эритиб, организмдан чиқариб юборади. Шу боисдан ҳам тарвуз жигар касалликларида, гипертония ва атеросклероз касаллигида муваффақият билан қўлланилмоқда. Бундан ташқари тарвуз шарбати буйракларни ювади, майда тошларни эритади ва тузларнинг организмдан чиқишига ёрдам беради. Бироқ ёш болаларга, буйрак етишмовчилиги бўлган беморларга, нефроз, пиелонефритда тарвуз шарбати ва уни ейиш тавсия этилмайди.
Пишган тарвуз қандай бўлади?
Холмурод Одилов, деҳқон:
* Пишган тарвуз нисбатан катта ва енгил бўлади.
* Бироқ ҳаддан ташқари катта ёки жуда кичкина тарвузларни танламанг.
* Тарвузнинг «думча»си қуруқшаб турган бўлса, бу унинг пишганини билдиради.
* Тарвузнинг ерда турган қисмидаги доғи сарғиш ёки тўқ сариқ рангда бўлиши керак.
* Пишган тарвузни икки кафт орасида сиқиб кўриш мумкин, агар сиқишнинг имкони бўлмаса, демак хом.
* Уриб кўрсангиз, пишган тарвуздан жарангдор овоз чиқади.
* Тарвуз танлаётганингизда унинг пўстлоғи қаттиқ, ранги тиниқ, ярқироқ ва силлиқ бўлишига аҳамият беринг.
* Яхши пишган, ширин тарвузнинг пўстини осонгина тирноқ билан тирнаш мумкин.
Қандай сақлаш керак?
Тарвузни сақлаш учун қулай ҳарорат +1 дан +3 даражагача бўлиб, ҳавонинг нисбий намлиги 85 фоиз атрофида бўлади. Агар тарвузлар 0 даража ҳароратда сақланса, маълум муддатдан кейин бемаза бўлиб қолади.
Унутманг, тарвузлар ташиш ва сақлаш давомида пишмайди. Уларни вақтинча саройларда, юқорига қараб 2-3 қатор баландликда қурилган мосламаларда айвоннинг остида сақлаш мумкин.
Тарвуз стеллажда сақланса, тагига похол ёки қипиқлар тўшалади. Яшикларда сақланганда ҳам тагига тўшама солинади, бир қават қилиб тахланади. Баъзан қисқа вақт давомида сақлаш учун (узоқ жойларга жўнатиш олдидан станцияларда) тарвузлар пирамида шаклида уюмларда ҳам сақланади. Бунда уюм баландлиги 0,75 м дан ошмаслиги керак.
Эслатма: сабзавот ва полиз маҳсулотларини сақлашда сичқон ва каламушлардан зарарланиши, ҳарорат кўтарилиб кетиши, маҳсулотларнинг сўлиши, ҳаво намлиги ошиб кетиши, замбуруғлар кўпайиб, пўпанак босиши ва бошқа ҳолатларни мунтазам назорат қилиб туриш лозим.
Тарвузга кеп қолинг!
Тоҳир Абдуллаев, сотувчи
– Бугун бозорларимизда ва ҳатто айрим жойларда йўл четларига қўйилиб сотилаётган тарвузларни харид қилишда албатта биринчи навбатда, шу жойнинг атрофи тозалигига эътибор беринг. Сотилаётган маҳсулотлар тўлиқ лаборатория таҳлилидан ўтказилган бўлиши керак ва Давлат санитария-эпидемиология назорати томонидан берилган рухсатнома орқали сотилади. Агар сизда маҳсулотнинг сифатига шубҳа туғилса, албатта бу ҳужжатларни сотувчидан талаб қилишга ҳақлисиз.