Янги тартиблар ўрнатилди.
Ўзбекистонда таксиларни ягона таниш белгилари билан жиҳозлаш талаблари бузилганлиги учун жарима санкциялари жорий этилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2012 йил 29 декабрда имзоланган "Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексига тузатишлар киритилди.
2013 йил 4 январдан кучга кирган мазкур қонунга асосан кодексга киритилган тузатишлар ягона таниш белгилари билан жиҳозланмаган ёки белгиланган талабларга жавоб бермайдиган таксилардан фойдаланилгани учун жарима солишни назарда тутади. Жарима транспорт воситаларининг техник ҳолати ва улардан фойдаланиш учун масъул бўлган мансабдор шахсларга, энг кам иш ҳақининг беш бараваридан етти бараваригача миқдорда солинади.
Шунингдек ҳужжатга кўра, белгиланган тартибда ягона таниш белгилари билан тўлиқ жиҳозланган таксиларнинг ҳайдовчилари мазкур белгилардан атайлаб фойдаланмаса ёки уларга шикаст етганига қарамай йўловчиларни ташиш билан шуғулланса, энг кам иш ҳақининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жаримага тортилади.