Агар сиз жойларда қонуний манфаатларингиз ва ҳақ-ҳуқуқларингизнинг бузилиши ҳамда ҳал этилмаётган ҳоллар билан тўқнаш келсангиз, у ҳолда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали тўғридан-тўғри Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига мурожаат юборишингиз мумкин.
"Порталда йўлга қўйилган ушбу янги хизмат кўриб чиқиш муддатларини асоссиз чўзиш, кредитлар ёки ер участкаларини ажратиш тартибларини бузиш, текширишларнинг кўпайиб кетиши ва бошқа молиявий-хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашишлар, субъектив омиллар ва тадбиркорлик фаолиятига ғов бўлувчи бюрократик тўсиқлар каби эҳтимолли муаммоларни ҳал этишга қаратилган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектларига қулайликлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига ариза ва шикоятларни 8 (800) 200-1818 телефон рақамларига қўнғироқ қилган ҳолда юбориш ҳам мумкин (қўнғироқ республика бўйича бепул бўлиб, ундан фақатгина стационар телефонга қўнғироқ қилиш нархи бўйича ҳақ олинади).
Ҳар бир мурожаат рўйхатдан ўтказилади ва назоратга олинади. Барча юборилган мурожаатлар бўйича тегишли чоралар кўрилади, таклифлар эса тегишли вазирлик ва идораларнинг фаолиятида эътиборга олинади. Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузишда айбдор бўлган шахслар жавобгарликка тортилади.
Ушбу хизмат жорий йилнинг 17-январида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида 2013-йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2014-йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов томонидан қўйилган вазифаларни бажариш мақсадида яратилган”, - дейилади Ягона интерактив давлат хизматлари портали хабарида.