Сардор Раҳимхон соч услубини энг замонавий услубда ўзгартирди. Буни унинг янги "Қалдам” номли клипида яхлитроқ ва анироқ кўришингиз мукмин. Табиат қўйнида суратга олинган клип режиссёри Мухлиса Абидова. Қозоқ тилидаги бу қўшиқ қозоғистонлик мухлислар илтимосини инобатга олиб яратилган бўлса керак. Нима бўлганида ҳам, Раҳимхоннинг бу янгилиги унинг ижодий муваффақиятида яна бир поғонага айлансин!
***
"Наво” гуруҳи деганда кўз олдимизга икки қиз ва бир йигитнинг "Қоши қора-қора кўз, биз томонга қиё боқ” шлягерининг замонавий талқинини куйлаганлар келади. Улар яратган навбатдаги янги қўшиқда ўкинч бор... Бахтиёр Раҳмонов "қуёшни портлатган” бўлса, "Наво” "Йиғлама, қуёш” дея мурожаат қилади. Дониёр Ҳафизов шеъри ва мусиқаси билан яратилган бу ноодатий мавзудаги қўшиқ ғояси гуруҳ продюсери Равшан Ҳакимовдан чиқди! Қўшиқ янги фильмлардан бирига саундтрек сифатида танланиши ҳам мумкин.
***
Ўзбекистон халқ артисти Маҳмуд Намозов ва таниқли телебошловчи, хонанда Толибжон Исроилов шанба куни океан ортига учиб кетади. Намозовнинг қувончи чексиз. "Америкага сафарим ҳам саёҳат, ҳам тижорий. Ундан ташқари, яқин ҳамроҳим ёнимда. Толибжон билан бир неча мамлакатларда бирга сафарда бўлганмиз” – дейди, шу шанбани жуда омадли санаган "Кўза”чи хонанда. Толибжон Юлдуз Усмонованинг Нью-Йоркдаги концертида бошловчи ҳам. Майнинг ўн тўққизига қадар, Исроилов АҚШда қолиш эҳтимоли бор...Концертни кутиб, зерикиб қолмаса бўлгани!
***
Сўнгги пайтда шоу оламида энг шов-шувли хонандага айланган Муниса Ризаева ва Ботир Қодировдан кутилмаган дуэт. Икки хил ижодий йўналишнинг синтези оммани қай даражада қизиқтира олади? Шу кунларда премьера қилиниши кутилаётган дуэт олдидан икки ижодкор ҳам ҳаяжонда, ҳам қўшиқ мухлисларга манзур бўлишидан кўнгиллари тўқ. Сизнинг икки дуэтдош ижоди ҳақида қандай фикрларингиз бор?
Жасур ҲАМРОЕВ