Кўп йиллар давомида гендер ўзгаришларини кузатиш натижасида, олимлар сўнгги йилларда аёллар томонидан хиёнатлар сони кўпайганини қайд этишди. Америка Жамоатчилик фикрини ўрганиш миллий маркази маълумотларига асосланиб, MedVesti’нинг хабар беришича, ушбу ҳолат аёлларнинг молиявий мустақиллиги, шунингдек, ижтимоий тармоқлар воситасида мулоқот қилиш учун янада кенг имкониятлар пайдо бўлгани билан изоҳланади.
Сўнгги ўн йил давомида ҳамкорларнинг табиий танланиши янада мураккаблашган. Авваллари аёллар ўзларини ҳаёт учун энг зарур воситалар билан таъминлай олишига ишонишгани учун эркакларни танлашган бўлса, ҳозирда аксарият аёлларнинг ўзи ўзини керакли барча нарса билан таъминлай олади.
«Ўйин қоидалари ўзгарган ва аёл учун доимий ҳамкор бўлиш учун эркак, камида, аёлдан кўра бойроқ, кучлироқ ва ақллироқ бўлиши талаб этилмоқда. Акс ҳолда уларнинг муносабатлари аёлнинг хиёнати билан якунига етиши мумкин», – дейилади хабарда.
Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, сўнгги йигирма йил ичида АҚШ аёлларининг хиёнаткорлик даражаси 14,7 фоизгача ўсган бўлса, эркакларнинг бевафолиги кўрсаткичи кўп йиллардан бери 21 фоизлик кўрсаткичда барқарор турибди. Ушбу маълумотлар Миллий марказ томонидан ўтказилган ижтимоий сўров натижаларидир.
Орадаги фарқнинг бу каби қисқаришига аёлларнинг молиявий мустақиллиги кўлами кенгайишигина эмас, балки нозик жинс вакилларининг турли ташкилотлар томонидан мунтазам қўллаб-қувватланиши ҳам роль ўйнамоқда – айнан шу ташкилотлар саъи-ҳаракатлари билан аёлларнинг ўзига бўлган ишончи ортган. Аёлни турмушдаги молиявий қийинчиликлар қўрқуви билан ушлаб туриш жуда қийин бўлиб қолди, дейилади сўров натижаларида.
MedVesti’нинг қайд этишича, дўстлик ёки ҳамкорларнинг ўзаро қизиқиши кўринишида пайдо бўлган никоҳлар нисбатан мустаҳкам бўлади. Бундай муносабатлар вақт ўтиши билан никоҳдаги ўзаро ишонч ва ҳурматга айланади.
|