Тошкент шаҳрининг Сирғали туманида аёл ўгай отасини пичоқлаб қўйди. Бу ҳақда “Огоҳ” газетаси хабар бермоқда.
Айтилишича, Фарзона исмли аёл эридан ажрашиб кетгач, Ғайрат исмли эркак билан шаръий никоҳдан ўтиб яшай бошлаган. Бу пайтга келиб ўғли оилали бўлиб, бошқа хонадонга чиқиб кетган, катта қизи эрга тегиб кетган бўлиб, аёл билан эрдан ажрашган кичик қизи Моҳира яшар эди.
Моҳира риэлторлик фирмасида ишлай бошлагач, Фарзона унинг ўғли Жасурбекка қараб тура бошлаган. Аммо у Ғайратга қўшилиб, спиртли ичимликлар ичиш ва тамаки чекишга ўрганиб қолган эди.
Бир куни Моҳира уйидан эртароқ қайтганида эшик узоқ пайт очилмаган. Фарзона ниҳоят эшикни очгач, уй тамаки тутуни билан қоплангани, ҳаммаёқ ароқ ҳиди бўлиб кетганини кўрган. Бу ишлар Жасурбекнинг кўзи олдида бўлаётганидан асаби қўзиган Моҳира жанжал кўтариб, ошхонага кириб кетган. У ердан пичоқ олиб чиқиб, Ғайратни пичоқлаган.
Ғайратнинг ҳаёти сақлаб қолинди. Моҳира эса узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинди.
|