"International Business Times” журнали шоу-бизнесдаги энг бой эр-хотинларни аниқлади. Бейонсе ва Жей-Зи энг бой жуфтлик экани маълум бўлди: уларнинг биргаликдаги даромади бир миллиард доллардан ошган, уларнинг иккови ҳам оила бюджетига катта ҳисса қўшган.
Бейонсе ҳам, Жей-Зи ҳам турмуш қургунга қадар ҳам бой бўлган: у – омадли қўшиқчи, Жей-Зи эса – мусиқачи ва продюсер. Бироқ улар турмуш қургандан сўнг икковининг ҳам ишлари янада юришиб кетди. Ҳозир Бейонсенинг янги гастроль тури, "Pepsi” ва "H&M” билан ҳамкорлиги бор: буларнинг ҳаммаси оила бюджетига яхшигина ёрдам берди. Матбуот ҳисоб-китобларига ишонадиган бўлсак, қўшиқчи The Mrs Carter Show туридан 116 миллион доллар ишлаб топади, "H&M” билан шартномасидан ҳам олтита нолли даромад келади.
Жей-Зининг ҳам молиявий аҳволи чакки эмас: у – "Roc Nation” компаниясини ташкил қилганлардан бири, тунги клубнинг эгаларидан бири, "Def Jam Recordings” овоз ёзиш студиясининг собиқ бош ижрочи директори. Унинг "Бруклин Нетс” баскетбол клубидаги ҳиссаси ҳам даромад келтириб келтиради. Ўз мусиқий фаолияти давомида рэпер ва продюсер бутун дунёда 50 миллион нусхадан кўпроқ альбомини сотган.