Шаҳзода Матчонова қирғизистонлик режиссёр Максат Жумаевнинг "Туман” фильмида бош роллардан бирини ижро этди. Бу ҳақда "24” ахборот агентлиги фильм ижодкорларига таяниб хабар тарқатди.
Хабарда келтирилишича, фильм намойиши 2013 йилнинг декабрь ойида мўлжалланмоқда. Мазкур кинокартина воқеаларига кўра, Қирғизистонда 2005 йилда бўлиб ўтган инқилобдан сўнг муваффақиятга эришган ишбилармон милиционер-бандитлар қаршилигига дуч келади ва мамлакатни тарк этишга мажбур бўлади. Ундан дўстлари, ҳамкасблари юз ўгиради, фақатгина турмуш ўртоғига охиригача у билан бирга бўлади.
Фильмда бош қаҳрамон ролини Қирғизистонда "Ётоқхона” телесериалидан сўнг машҳур бўлиб кетган ўзбекистонлик Шаҳзода Матчонова ўйнаган. Бош роллардан яна бирини қозоғистонлик Мурат Бисенбен ижро этган.
Фильм режиссёри Максат Жумаев, режиссёр-постпродакшни (монтаж) Стефано Торрини, бастакори Мурзали Жеенбаевдир.
Шаҳзода Матчонова сўнгги йилларда хусусий студиялар томонидан суратга олинган фильмларда энг кўп иштирок этадиган актрисалардан бири ҳисобланади. Илк бора 2007 йилда дебют қилган актриса 2009-2012 йиллар оралиғида «Қалбим ўғриси», «Сўнгги лаҳза», «Ўзимдан ўзимгача», «Сароб», «Эр бермоқ – жон бермоқ», «Қутқаринг, қарияпман», «Висол», «Осий банда», «Дунё» каби фильмларда суратга тушган.