Пойтахтимизнинг Бектемир туманида жойлашган саунада хуфиёна фаолият олиб бораётган фохишахонанинг кирдикорлари фош этилди.
Бу ерда мижозларга жинсий эхтиёжларини қондириш учун пуллик хизмат кўрсатиб келинган.
Бектемир тумани ИИБ ходимлари режа бўйича олиб борилаётган текширув вақтида А.Мин кўчасида жойлашган саунада ярим яланғоч ҳолда бўлган икки эркак ва икки аёлни ушлашган, деб ёзади uz24.uz сайти.
Суриштирув натижаларига кўра, ғараз ниятларда даромад қилишни мақсад қилган Эдуард Тен шу йилнинг 25 февраль куни фуқаро А. Норбеков ва унинг таниши М. Сулаймоновага жинсий алоқа қилиш учун саунадан жой бергани фош бўлди. Бунинг эвазига А. Норбековдан 27 минг сўм олган.
Ҳудди шу куни Г. Тен ҳудди шу мақсадда фуқаро Ш. Ғуломов ва унинг ҳамроҳи С. Турдиевага алоҳида хона тайёрлаб беради ва бунинг учун ундан ҳам 25 минг сўм олган.
Дастлабки тергов жараёнида Эдуард Тенга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 131-моддаси, биринчи қисмига биноан фохишахона ташкил этиш ва сақлаш, шунингдек 131-модданинг иккинчи қисми б банди бўйича шу ишларни такроран бажарганлик айби қўйилди.
Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида, фуқаро Э. Теннинг айби исботланиб, гувоҳлар - А. Норбеков, Ж. Қурбонова, Т. Умидова, С. Турдиева, М. Сулаймонова ва Ш. Ғуломовлар томонидан тасдиқланди. Суд Эдуард Тенни ойлик иш ҳақининг 20%ини давлат фойдасига ўтказилишини белгилаб, 3 йиллик аҳлоқ тузатиш ишларига жалб қилиш ҳақида ҳукм чиқарди.
Аниқланишича, Эдуард Тен фохишахона ташкил қилган сауна аслида унга қарашли бўлмаган. Бу ер судланувчининг қариндошига тегишли бўлиб, Эдуард Тен унинг йўқлигида саунага қараб турган.
Мақола Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати билан ҳамкорликда тайёрланди.