Саудия Арабистонидаги Фазилатларни рағбатлантириш ва гуноҳлар олдини олиш комиссияси (диний полиция) 30 декабрь куни қироллик аҳолисига махсус огоҳлантириш билан мурожаат қилиб, Григориан тақвими бўйича Янги йилни нишонлашни тақиқлади. Бу ҳақда Al-Jazeera хабар бермоқда.
Комиссия фармони Саудия Арабистонининг энг нуфузли уламолар қўмитаси томонидан чиқарилган фатвога асосланган бўлиб, унга кўра уламолар Янги йилнинг киришини фақат ҳижрий – Ой тақвимига асосан нишонлаш мумкинлигини қайд этган.
Саудия Арабистони фуқароларига 31 декабрь ва 1 январь кунлари Янги йил кириши муносабати билан ўз хурсандчиликларини оммавий равишда билдириш, маҳаллий дўконларга эса шу кунларда байрам совғалари, шунингдек, гуллар сотиш тақиқланган.
Янги йилни тақиқлаш – диний полициянинг маҳаллий қадриятлар учун «келгинди» ҳисобланган урф-одатларга нисбатан илк муносабати эмас. Масалан, Ғарб анъанасига кўра барча севишганларнинг байрами сифатида талқин этиладиган Авлиё Валентин кунида Саудия Арабистонида қизил атиргуллар ва юрак шаклидаги рамзларни сотиш тақиқланган.
Саудия Арабистонига қўшни араб мамлакатларида ғарбона Янги йилга муносабат сезиларли даражада бошқача. Хусусан, Дубай амирлиги ҳукумати Янги йил кечасида, дақиқасига 400 мингта зарядни ишга тушириб, кўлами жиҳатдан рекорд даражада катта бўлган мушакбозлик уюштиришга ваъда берган. Ушбу томоша Гиннеснинг рекордлар китобига киритилиши кутилмоқда.