Тошкент шаҳридаги 12-автобус саройи Самарқанд автомобиль заводида ишлаб чиқарилган паст полли SamAuto LE 60 автобусини синов учун қабул қилди. Бу ҳақда, «Тошшаҳартрансхизмат» уюшмасига асосланиб, «Газета.uz» хабар бермоқда.
Янги автобус Сергели-12 мавзесидан «Тошкент» вокзалига қатнайдиган 40-йўналишдаги автобусда синаб кўрилади. Қайд этиш жоиз, «СамАвто» ушбу автобус устида 2009 йилдан бери ишлаб келаётган эди.
SamAuto LE 60 автобуси тўхташ ва ҳаракатга киришиш вақтида 90 миллиметрга «ўтириш қобилияти»га эга бўлиб, бу йўловчиларга қўшимча қулайлик яратади. Автобус табиий ва мажбурий вентилация тизимига эга бўлиб, у жами 56 йўловчига мўлжалланган, йўловчилар учун мўлжалланган ўриндиқлар сони эса 25та.
Автобус Cummins 4ISBe4 185B двигатели билан таъминланган бўлиб, максимал тезлиги соатига 85 километрни ташкил этади. Экологик класси даражаси — Euro-4. Автобуснинг узунлиги 8 метр, эни 2,46 метр, баландлиги – 2,78 метр. Умумий оғирлиги – 10,2 тонна.
Синов муддати қачонгача эканлиги тўғрисида маълумот берилмаган.