Ҳинд киноси юлдузи Салмон Хон бундан 10 йил аввал инсон ўлимига сабаб бўлган йўл транспорт ҳодисаси учун суд олдида жавоб беради.
Агар ушбу воқеада унинг айби исботланса Салмон Хонни 10 йилга озодликдан маҳрум этишлари мумкин, дейди актёрнинг адвокати Дипеш Мехта. Унинг сўзларига кўра, суд прокуротуранинг Салмон Хонни қотилликда айблаш ҳақидаги апелляциясини қабул қилган, бу эса камида 10 йиллик қамоқ жазоси дегани. Агар унга эҳтиётсизлик натижасида ўлимга сабаб бўлиш айби қўйилганида суд кўпи билан икки йил қамоқ жазосини тайинлаши мумкин бўларди, дейди Дипеш.
2002 йилнинг сентябр ойида Мумбай шаҳрида тротуарда ухлаб ётган уйсиз одамларни машинасида уриб кетиши оқибатида 1 киши ҳалок бўлган, яна 3 нафари жароҳатланган эди.
Суд иши 11 март куни бошланади. Ҳиндистон суд иши дунёда кўп чўзилиши билан машҳур, шу туфайли ушбу ишини ҳам тугатиш учун йиллар керак бўлса ажаб эмас, деб ёзади Гардиан нашри.