Ўзбекистонлик ФИФА рефериси Равшан Эрматов бошчилигидаги ҳакамлар бригидаси Бразилияда старт олган футбол бўйича 2014 йилги жаҳон чемпионати «D» гуруҳи учрашувини бошқаради. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар бермоқда.
15 июнь, якшанба куни ЖЧ-2014 «D» гуруҳида 1-тур учрашувлари бўлиб ўтади. Швейцария ва Эквадор терма жамоалари ўртасидаги учрашувни Равшан Эрматов бригадаси бошқари боради.
Тошкент вақти билан 21:00да бошланадиган ўйинда Эрматовга қанотларда ўзбекистонлик Абдуҳамидулло Расулов ва қирғизистонлик Баҳодир Қўчқоров ёрдам беради. Норвегиялик Свейн Оддвар Мун тўртинчи ҳакам сифатида қайд этилган.
Бу Равшан Эрматов учун ЖЧ-2014 доирасида ишониб топширилган илк учрашувдир. Қайд этиш жоиз, ўзбекистонлик рефери ўз фаолиятида иккинчи марта футбол оламининг энг нуфузли мусобақасида ҳакамлик қилмоқда.
2010 йили ЖАРда бўлиб ўтган жаҳон чемпионати баҳсларида очилиш ўйини (ЖАР – Мексика, 1:1) ўйини бошқарган Эрматов, мусобақа давомида гуруҳ босқичида учта (очилиш ўйинидан ташқари Англия – Жазоир ва Греция – Аргентина), битта чорак финал (Аргентина – Германия) ва битта ярим финал (Уругвай – Голландия) учрашувларини бошқариб борган.
|