Россия президенти Владимир Путин 1 март, шанба куни мамлакат парламенти юқори палатаси (Федерация Кенгаши, Сенат)га Украина ҳудудида Россия қуролли кучларидан фойдаланиш учун рухсат беришларини сўраб мурожаат қилди. Мурожаат матни Россия давлат раҳбарининг расмий сайтида чоп этилган.
Мурожаатда айтилишича, бу қарор Украинада юзага келган ва у ерда бўлиб турган Россия фуқаролари ва халқаро шартномага асосан Қримда жойлашган россиялик ҳарбийлар ҳаётига хавф солаётган фавқулодда ҳолат муносабати билан қабул қилинган.
Россия олий бош қўмондони Украинадаги ижтимоий-сиёсий вазият барқарорлашгунига қадар ушбу мамлакат ҳудудига қўшинларни киритиш учун рухсат сўраган.