Ўзбекистон автомобиль ишлаб чиқарувчилари 2013 йилнинг январь-октябрь ойларида Қозоғистонга 11 минг 573та автомобиль экспорт қилишди. Бу ўтган йилнинг шу давридаги кўрсаткич – 6 минг 11 донага нисбатан 92,5 фоизга кўп дегани.
Қозоғистон автобизнес уюшмаси маълумотларига кўра, Қозоғистонга экспорт қилинаётган ўзбек автомашиналари сони сезиларли ошганига қарамай, Қозоғистон автомобиль бозоридаги Ўзбекистоннинг улуши фақат 0,7 фоизга кўпайган, холос. Ўзбекистон Қозоғистонда автомобиль сотиш ҳажми бўйича фақат Россиядан ортда қолган. Ўзбекистондан кейинги учинчи ўринни Япония банд этган.
12uz.com’нинг эслатишича, GM Uzbekistan компанияси 2013 йилнинг январь-сентябрь ойларида ишлаб чиқариш ҳажмини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,7 фоизга ошириб, 192 минг 182 мингта автомобиль тайёрлагани хабар қилинган эди.
Айни вақтда, GM Uzbekistan автомобилларининг Россиядаги савдоси 2013 йилнинг дастлабки ўн ойида 33 фоизга қисқаргани маълум бўлганди.
Қайд этиш жоиз, ҳозирги вақтда Қозоғистоннинг ўзида ҳам енгил ва бошқа турдаги автомобиллар ишлаб чиқарилиши бир неча заводларда йўлга қўйилган. Жумладан, Усть-Каменгорскдаги «Азия-Авто» заводида Škoda (Fabia, Octavia, Superb, Yeti моделлари ишлаб чиқарилади), Chevrolet (Captiva, Lacettti, Cruze, Aveo моделлари ишлаб чиқарилади), KIA (Sorento, Mohave, Cerato, Sportage, Soul, Cadenza, Optima моделлари ишлаб чиқарилади), «АвтоВАЗ» (Lada 4×4 модели ишлаб чиқарилади) каби компаниялар билан ҳамкорликда автомобиллар ишлаб чиқарилмоқда.