Кеча кечқурун соат 20:45 да Москванинг "Останкино” телевизион техник марказида кучли ёнғин содир бўлди. Ёнғинга беш балли тизимда тўртинчи мураккаблик даражаси берилди.
Маълумотларга қараганда, "Останкино”га тегишли икки қавватли бинодан қора тутун чиқа бошлаган, бу ерга етиб келган ўт ўчирувчилар дарҳол эвакуация ишларини бошлаб юборишган.
РФ ФВВ маълум қилишича, ёнғинга тўртинчи мураккаблик даражаси берилган. Даставвал ёнғин 150 квадрат метр жойни қамраб олгани хақида айтилган эди. Ўт ўчирувчи машиналар марказ олдига ўта олиши учун "Останкино"га тегишли битта кўча тўла ўраб олинди.
Вазирликнинг хабар беришича, ёнғин ўчоғи бинонинг биринчи қаватида юзага келган.
Хуқуқни ҳимоя қилиш органларидаги баъзи манбаларнинг хабарларига қараганда, бинонинг декорациялар сақланадиган хоналарига ҳам ўт кетган. Шунингдек ёнғин бошланганда асосий бинода тахминан 1200 киши бўлган, бунда ҳодимларнинг бир қисми дастурларнинг эфирга кетишида узилиш бўлмаслиги учун эвакуация қилинишдан бош тортишган.
Федерал телеканаллар хақиқаттан ҳам эфирга узатиш ишларини давом эттиришди.
Шундай қилиб 20:45 вужудга келган ёнғин 22:00га бориб тўла бартараф этилди. Энг сўнгги маълумотларга қараганда, ёнғин майдони 150 квадрат метр эмас 200 квадрат метр майдонни ташкил қилган. Бинодан қарийб минг киши эвакуаия қилинган.
Аланга юзага келишининг асосий сабаби техника ҳавфсизлиги қоидаларининг бузилиши ҳамда электр симларнинг носозлигида дея тахмин қилинмоқда. Агар ёнғин сигнализация тизими ишлаб кетмаганида, ёнғиннинг оқибатлари жуда аянчли бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
"Останкино"да ёнғинга қарши ҳимоянинг барча тизимлари ўрнатилган, унинг ёрдамида ёнғин ўчоғи эрта муддатларда аниқланган ва катта майдонга тарқаб кетишининг олди олинган.
darakchi.uz
|