РИВОЯТ. Абу Жунайд Бағдодийнинг ҳузурига бир кампир фарзанди Рум урушида кофирларга асир тушиб қолганини айтиб йиғлади ва фарзанди учун дуо сўради. Шайх сабрга чақириб, Аллоҳ насиб қилса қайтиб келишини айтиб тасалли берди. Бир неча кундан сўнг кампир яна келиб йиғлади. Охири шайх сукунатга кетиб, муштипар онанинг фарзанди ҳақида қилган дуоси ижобат бўлишини сўраб илтижо қилди. ‒Эй онахон, энди уйингга бор. Худо хоҳласа ўғлинг қайтиб келади, ‒ деди. Айни ўша пайтда ўғилни душманлар қўл-оёғида кишанлар билан асирлар қаторида олиб келаётган эди. Бир маҳал занжирлар ўз-ўзидан ечилиб кетди. Қайта занжирлашган эди яна шу ҳолат такрорланди. Йигитни подшоҳнинг ҳузурига олиб боришди. Подшоҳ ҳам воқеани ўз кўзи билан кўрди ва аъёнларидан бу ҳолатнинг сабабини сўради. Улар ўзаро машварат қилишгач каттароғи йигитдан сўради: ‒ Сенинг ота-онанг борму? ‒ Онам бор, жавоб берди йигит. ‒ Онанг сендан розиму? ‒ Оре, рози. Хизматини яхши қилганман.Ортимдан ҳам дуо қилиб қолган. ‒ Шоҳим, бу йигитни тезда қўйиб юбормоқ керак. Бўлмаса, қўрқарманки, онасининг дуолари билан юртимиз вайрон бўлмаса деб, ‒ жавоб берди аъён. Илоҳим ота-оналаримизнинг хизмати учун бизларга ҳиммат бергин. Уларни бизнинг жаннатларимиз бўлишини насиб этгин. Роббир-ҳамҳума кама роббаяни соғиро.